Кечки Анҳор: 12 август янгиликлари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилувчи инспекция уй-жой мулкдорлари ширкатини назорат қиладиган ваколатли органга айланиши мумкин. Инспекция кўп квартирали уйлардаги хоналарни қайта тузиш ва қайта режалаштиришга йўл қўймайди ҳамда уларнинг фасадларини таъмирлаш-тиклаш ишлари билан шуғулланади. Қонун лойиҳасига кўра, юридик шахслар кўп квартирали уйларни шартнома асосида бошқаришлари мумкин.
Қолоқ туманлар ва шаҳарлардаги ерлар давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилади. Агар туман ва шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолса, у ердаги ерлар ижтимоий аҳамиятга эга ва инфратузилмавий объектлар қурилишига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ажратилади. Бундай туманлар ва шаҳарларни Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгилайди.
“Самарқанд” бизнес маркази тўрт юлдузли меҳмонхонага айланади. 14 қаватли бино етти қаватгача қисқартирилади. Айтиш жоизки, меҳмонхона қурилиши 2022 йилда ШҲТ саммитини ўтказишга тайёргарлик доирасида Самарқанд инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ қатор инвестицион лойиҳалар сирасига киради.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёзувчи Абдулла Қодирий яшаган уй бузилгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Ёзувчининг авлодлари яшаётган уйларни бузиш ва уларнинг ўрнида уй-музей, боғ, кутубхона ва конференц-зал яратиш режалаштирилмоқда. Бу борадаги барча ишларни шу йилнинг декабрь ойи охиригача якунлаш мўлжалланган.
Шарҳлар