Кечки Анҳор: 14 август янгиликлари
Ўзбекистонда қурилажак АЭСда ишлатиб бўлинган ёнилғи Россияга жўнатилади. Радиоактив чиқиндилар Ўзбекистон ҳудудида сақланади. Ишлатиб бўлинган ядро ёнилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш стратегияси тез орада халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда тайёрланади ва тасдиқланади.
Ҳокимликларга тадбиркорларни меҳнат ва хайрия ишларига мажбурлаш тақиқланди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини хайрия ва ҳомийлик кўмагини кўрсатишга, ободончилик, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишларини бажаришга, металлолом ва макулатура йиғишга, қишлоқ хўжалик ишларига мажбурлаш тақиқланади.
Қозоғистонда ёниб кетган автобус эгаси уч йилга қамалди. У “транспорт воситаларини сифатсиз таъмирлаш ёки уларни техник носозликлар билан фойдаланишга чиқариш” моддаси бўйича ҳукм қилинди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январь ойида “Самара-Шимкент” трассасида содир бўлган автобусдаги ёнғин оқибатида 52 нафар ўзбекистонлик фуқаро ҳалок бўлганди.
Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинмоқда. Унинг тузилмасига Давлат тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш фонди ҳам киради. Ўз навбатида, у Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат фонди базасида ташкил қилинади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги видеога тушиб қолган муштлашувни хусусий тиббиёт хизматининг шифокорлари уюштирганини маълум қилди. Бундан олдин тармоқда йўл чеккасида муштлашаётган тез тиббий ёрдам шифокорлари акс этган видео тарқалганди. «Вазирлик ўз ваколатлари доирасида ушбу воқеани ўрганади, тегишли чораларни кўради ва бу ҳақда қўшимча равишда маълум қилади», – дейилади хабарда.
Шарҳлар