Кечки Анҳор: 15 август янгиликлари
Самарада заҳарланган Ўзбекистон фуқароларидан бири жон берди. Яна 48 нафар ўзбекистонлик маҳаллий касалхоналарда қолмоқда, уларнинг ҳолати барқарор-оғир сифатида баҳоланмоқда. Бундан олдин жабрланганлар даволанишни давом эттириш учун Ўзбекистон ҳукуматидан молиявий ёрдам сўраганди.
Шеробод туман ҳокими Сурхон қўриқхонаси ҳудудидан меҳмонхона қурилиши учун ноқонуний ер ажратган. Давлат экология қўмитаси туман ва вилоят ҳокимликларига ҳамда Шеробод туман прокуратурасига қонунбузарликлар ҳақида маълумот юборди. Бироқ ҳозирча туман ҳокимлиги хабарни эътиборсиз қолдирмоқда.
Тошкентнинг Олмазор туман ҳокими ўринбосари Kun.uz журналистига ташланди. Ушбу нашрнинг маълумотларига кўра, воқеа журналистлар томонидан таҳририят берган топшириқни бажараётган пайтда юз берган. Ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобов нашр операторининг штативини синдирган.
Ярим йил ичида бюджет даромадлари қарийб 51 трлн.сўмни ташкил қилган. Ушбу кўрсаткич прогнозга нисбатан 109% га бажарилган. Биринчи ярим йилликда қарийб 86 трлн сўм инвестиция ўзлаштирилган, бу ўтган йилнинг шу даврига қараганда 1,6 баравар кўп. Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи ярим йиллик учун устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда ана шу рақамларни маълум қилди.
Шарҳлар