Самарадаги ўзбекистонлик мигрантлар ёғдан заҳарланган бўлиши мумкин
Шу йилнинг июль ойида Россиянинг Самара областидаги “Кошелевский посад” корхонасида ишлаётган 69 нафар Ўзбекистон фуқароси номаълум моддадан заҳарланиб касалхонага тушган эди.
Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, таркибида каламушларни ўлдирадиган заҳар бўлган кунгабоқар мойи заҳарланишнинг эҳтимолий сабабчиси бўлиши мумкин. Ульяновск шаҳрида шу ёғдан 8 киши заҳарланган, уларнинг икки нафари ҳаётдан кўз юмган.
1-сонли Тольятти шаҳар касалхонасининг бош шифокори в.б. Леонид Разливинскихнинг тахминларига кўра, жабрланган 69 нафар ўзбекистонлик фуқаро каламушларни ўлдириш учун мўлжалланган заҳарда қўлланадиган дикумаринлар гуруҳига кирувчи препаратдан захарланган бўлиши мумкин.
Маълумки, ишчилар меҳнат қилган “Кошелевский посад” компанияси мева, реза-мева экинлари ва донларини етиштиради ва сотади. Мигрантлар ҳам корхона ҳудудида яшаган ва шу ернинг ўзида ўзларига овқат тайёрлаган. Улар таомга заҳарланган ёғдан ишлатган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Тахминларга кўра, ёғ Самара областига Сизрандан олиб келинган.
Шарҳлар