Россияда қайноқ нуқталарда ишлайдиган журналист ҳаёти ва соғлиғи қонун билан ҳимояланди
Россияда таҳририят ходими ҳалок бўлган ёки унинг саломатлигига зарар етган тақдирда унга компенсация тўланишини кўзда тутадиган қайноқ нуқталарда журналистларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун кучга кирди.
«Ҳарбий уставлар каби жуналистларнинг қайноқ нуқталардаги фаолияти тарихи қон билан ёзилган. Биз, шу жумладан мен ҳам, ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оғир ва даҳшатли тажрибасидан ҳарбий журналист бўлишни ўргандик», – дейди ТАСС мухбири билан суҳбатда Россия журналистлар уюшмасининг раҳбари Владимир Соловьёв.
«Масалан, сени машинадан қуролланган одамлар тортиб чиқараётганида ва номаълум йўналишда олиб кетаётганида ўзингни қандай тутиш кераклигини ҳамма ҳам билавермайди. Буларнинг барчасини курсларда ўргатамиз», – дея қайд этади у.
Бундан ташқари, иш сафарига чиқишдан олдин Россия журналистлар уюшмаси ўз аъзоларига ёнларида доим Халқаро журналистлар федерацияси картасини олиб юришни тавсия этади. Уюшмага аъзо бўлмаганлар чет элга чиқиш учун журналист гувоҳномасини Коммуникациялар ва алоқа вазирлигидан олиши мумкин.
Шу муносабат билан Anhor.uz сайти Ўзбекистонда ҳам Журналистнинг индентификация картаси муомалага киритилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилади.
Россиянинг янги қонуни ходимнинг соғлиғига зарар етганида ёки у ҳалок бўлганида таҳририят томонидан унинг оиласига компенсация тўланишини мажбур қилиб қўйган. Хусусан, мухбир ҳалок бўлса, компенсация миқдори камида 2 млн рублни ташкил қилади, соғлиққа зарар етганида эса бу сумма камида 1 млн рублни ташкил қилади. Бошқа ҳолатларда компенсация миқдори меҳнат қобилиятининг йўқотилиши даражасининг ҳар 10 фоизи учун камида 100 минг рублни ташкил қилади.
Шарҳлар