АҚШнинг Глобал медиа бўйича агентлиги журналистика стандартларига амал қилиш муҳимлиги таъкидлади
АҚШнинг Глобал медиа бўйича агентлиги (USAGM) Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжоновнинг “Озодлик радиоси” ўзбек хизмати томонидан журналистика этикасининг бузилиши ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. Қайд этиб ўтамиз, ушбу Агентлик таркибига “Америка овози” ва “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси” киради.
«Агентлик бош ижрочи директори Жон Лэнсинг USAGM ташкилоти журналистика этикаси бузилишлари ҳақидаги барча баёнотларга жуда жиддий муносабатда бўлишини, “Озодлик радиоси”нинг бирор-бир хизмати ёки журналисти томонидан нохолислик бўлишига йўл қўймаслигини ва буни оқламаслигини қайд этди. Агентлик раҳбари “беғаразлик ва холисликни АҚШнинг Глобал медиа бўйича агентлиги амал қиладиган муҳим тамойиллар деган ҳолда, уларнинг юқори стандартларига амал қилиниши муҳимлигини” таъкидлади», – дейилади Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов “Озодлик радиоси”нинг ўзбек хизмати фаолиятида нохолислик ва профессионалсизлик аломатларини қайд этган ҳолда, у томонидан қўлланадиган иш методларидан ташвишда эканини билдирганди. Шунингдек у “Озодлик” томонидан ахборотнинг алдов йўли билан тўпланиши, аудиоёзувлар қалбакилаштирилиши ва асоссиз хабарларни чоп этиш учун “фейк аккаунлар”дан фойдаланиши фактларини ҳам қайд этади.
Шарҳлар