Қозоғистон мамлакатдан чорва олиб чиқилишига тақиқ жорий этмоқчи
Қозоғистон Ўзбекистон туфайли чорва олиб чиқилишига чеклов қўйди, дея хабар беради “Казинформ” ХАА.
«Қозоғистон гўштдан кўра кўпроқ чорва экспорт қила бошлади. Уларнинг орасида йирик чорва моллари ва қўйлар ҳам бор, фақат жорий йилнинг ўзида чорва экспорти икки бараварга ошган. Бу йўналишдаги экспорт сиёсатини ўзгартириш керак», — дея қайд этади Қозоғистон сенатори Али Бектаев.
Ўз навбатида, Қозоғистон қишлоқ хўжалик вазири Сапархан Омаров бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
«Бугунги кунда биз урғочи молларни олиб чиқишга тақиқ жорий қилдик. Республика бўйича чорва асосан Ўзбекистонга экспортга олиб чиқиладиган 78 та боқиш майдони мавжудлигини аниқладик. Улардан 50 тасига чорва молларини хорижга олиб чиқишни тақиқламоқчимиз, чунки энди бу оқимни назорат қила олмаяпмиз, кейин эса вазият назорат остига тушади. Ҳозир гўшт комбинатлари билан музокаралар ўтказяпмиз, ушбу комбинатлар учун чорва етказиб беришга субсидиялар жорий этишни кўзлаяпмиз. Бу масалани ана шундай усуллар билан ҳал қилмоқчимиз. Бугун мамлакатда 175 та қайта ишлаш корхонаси фаолият кўрсатмоқда, уларнинг бор-йўғи 38-40% га юкланган», — дея изоҳ беради вазир.
Бунга жавобан депутатлар чорва молларини хорижга олиб чиқишга тўлиқ тақиқ жорий этишни таклиф қилишди. Охирги ойларда ушбу масала қизғин муҳокама қилинмоқда. Чорвадорлар ҳам икки гуруҳга ажралган: кимдир тақиқ киритиш тарафдори, кимдир эса бунга қарши.
Шарҳлар