ОТБ Қашқадарёда гидроэлектрстанция қуришга 60 млн долларлик қарз маблағини маъқуллади
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) умумий қуввати 25 мегаватт (МВт) бўлган гидроэлектрстанцияси (ГЭС) қурилиши учун 60 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағини маъқуллади. Лойиҳа доирасида учта электр станцияси барпо этилади: улардан бири қуввати 6 МВт бўлган ГЭС Рабатда, иккинчиси қуввати 8 МВт бўлган ГЭС Чаппасувда, учинчиси қуввати 10 МВт бўлган ГЭС Тамшусувда қурилади. Бундан ташқари умумий қуввати 1 МВт ни ташкил қилувчи учта микро-ГЭС ҳам барпо этилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 75,3 млн АҚШ долларини ташкил қилади. Уни 2023 йил охирида якунлаш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти лойиҳанинг ижрочиси ҳисобланади. ОТБ бутун лойиҳа давомида “Ўзбекгидроэнерго” жамиятининг институционал салоҳиятини ва корпоратив бошқарувини яхшилашга ҳам ёрдам беради.
«ГЭСлар қурилишида ОТБнинг кўмаги Ўзбекистонда соф ва барқарорроқ келажак энергетикасини таъминлаш мақсадларига эришилишига кўмаклашади», – дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиёда энергетика бўйича мутахассиси жаноб Сенг Дак Ким. «Лойиҳанинг юқори сифатли дизайнига комплекс ёндашув, экология ва ҳимоя чоралари соҳасидаги халқаро амалиёт ҳамда иқлим ўзгаришларига нисбатан барқарор чоралар Ўзбекистонда шунга ўхшаш гидроэнергетика лойиҳаларини ривожлантириш учун шаблон ҳисобланади», – қайд этади у.
Шарҳлар