Самарқандда ер онлайн-аукционлар орқали сотилади
1 октябрдан бошлаб Самарқанддаги ер участкалари меҳмонхоналар қуриш учун жисмоний ва юридик шахсларга «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасидаги онлайн-аукционлар орқали сотилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Шунингдек, ҳужжатда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Самарқанддаги Регистон мажмуи ярим тунгача, хусусан соат 7:00 дан 24:00 гача ишлаши қайд этилади. Регистон бундай режимда туристик мавсум авжига чиқадиган март-ноябрь ойларида фаолият кўрсатади.
Бундан ташқари, Университет хиёбонида, шунингдек Ислом Каримов, Пушкин ва Навоий кўчаларида туристик инфратузилма яратилади. Самарқандда Амир Темурнинг “Боғи Баланд” ва “Боғи Шамол” боғлари тикланади. Шу билан бирга, Шероз қалъа, Добусия ва Кофир қалъа археологик ёдгорликларини реставрация қилиш режалаштирилган. Археологик ёдгорликлар ҳудудларида ташриф буюрувчиларни ҳисобга олишнинг электрон тизими жорий этилган “очиқ осмон остида”ги музейлар ташкил қилинади.
Шарҳлар