Паллиатив тиббий ёрдам давлат ҳисобидан бериладими?
Ўзбекистон ҳукумати Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган кафолатли тиббий ёрдам ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлади. Ушбу рўйхат ҳар йили тегишли молиявий ва режали даврга Давлат бюджети параметрлари тасдиқланганидан кейин 15 кундан кечиктирмасдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Шошилинч тиббий ва режали тиббий ёрдамдан ташқари рўйхатга ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) ва паллиатив тиббий ёрдам ҳам кирган.
Айтиш жоизки, рўйхатга конкрет тиббий хизмат турлари, шу жумладан дори воситалари, сарф материаллари ва тиббий мақсадларда қўлланадиган буюмлар билан таъминлаш ҳам киритилади.
Рўйхат муайян тиббий хизмат турлари ва ҳажмларига эга тиббий ташкилотлар кесмасида шакллантирилади.
Рўйхатга киритилган тиббий ёрдамни олиш ҳуқуқига, тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганида, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, республика ҳудудида мунтазам яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек асосли мурожаатлар бўлганида чет эл фуқаролари эга бўлади.
Шарҳлар