Очиқ танлов: ҳукумат давлат хизмати соҳасида ислоҳотларни бошлашга тайёргарлик кўрмоқда
2020 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматига мустақил очиқ танлов пилот режимида ишга тушади. Ўзбекистон Президенти тегишли ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz» ҳукуматдаги манбага таянган ҳолда хабар беради.
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Шу муносабат билан Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинади, у давлат кадрлар сиёсати соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, мустақил очиқ танловларни ташкил қилиш билан шуғулланади.
Давлат хизматчилари ижтимоий ҳимоясиз ва моддий рағбатлантиришсиз
Ҳужжатда ҳукумат айни дамда қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини, улар кадрлар малакасига нисбатан қўйиладиган талабларга номувофиқ бўлишга ва қабул қилинадиган қарорларнинг сифати паст бўлишига олиб келишини тан олади.
Бундан ташқари, “давлат фуқаро хизматига номзодларни танлаб олишнинг, барча фуқароларнинг давлат хизматидан тенг фойдаланишини ва ўзининг профессионал сифатлари ва алоҳида хизматлари асосида амал поғонасидан кўтарилишини таъминлайдиган шаффоф механизмлари шакллантирилмаган”.
Хизматчиларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг муносиб даражасини кафолатловчи чоралар, коррупция, расмиятчилик ва қоғозбозлик намоён бўлиши учун шароитларни истисно қилишлар жорий этилмаган, дейилади фармонда.
Буларнинг барчаси давлат фуқаро хизматини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни, шу жумладан номзодларни очиқ мустақил танлов асосида танлаб олиш процедураларини таъминловчи ҳамда давлат хизматчиларининг иш самарадорлиги ва ваколатларини баҳолаш мезонларини, уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган талабларни белгилайдиган бевосита таъсир кўрсатувчи қонунининг йўқлиги натижасидир.
Ҳаммага бир хил тўланади
Шундай қилиб, қабул қилинган фармон давлат фуқаро хизматини такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилайди:
· профессионал сифатлари ва алоҳида хизматларини адолатли ва холис баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни давлат фуқаро хизматига қабул қилиш ва амал поғонасидан илгари суришни кўзда тутадиган меритократия тамойилини қўллаш;
· кадрлар малакасини мунтазам оширган, давлат фуқаро хизматчиларини тоифаларга ажратган ва уларга малакавий амаллар (мансаблар) берган ҳолда хизмат карьерасининг мансаб поғоналаридан изчил ўтишни кўзда тутадиган давлат фуқаро хизматининг “карьера модели”ни жорий этиш;
· давлат фуқаро хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш;
· давлат органи ва ташкилотининг даражасидан (республика, вилоят, туман ва шаҳар), ходимнинг малакавий амали (мансаби) ва қўшган шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақини белгилашга қўйиладиган унификацияланган талабларни ўрнатишни кўзда тутувчи давлат фуқаро хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш;
· миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда самарали ва профессионал тайёрланган кадрлар захирасини шакллантириш;
· давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
· ижтимоий кафолатларнинг, давлат фуқаро хизматчиларини ўз касб маҳоратини ва фаолиятининг самарадорлигини оширишга мотивациялаш ва рағбатлантиришнинг самарали тизимини жорий этиш.
Давлат хизматларини ривожлантириш учун Фонд ташкил қилинади
Президент Администрацияси тузилмасида давлат хизмати ва вакиллик ҳокимияти органлари билан ўзаро алоқалар масалалари бўйича президент маслаҳатчисининг ўринбосари – Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ректори лавозими ташкил этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Чет элда мутахассислар тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш «Эл-юрт умиди» фонди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ихтиёрига берилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилаётир, унинг вазифаларига, жумладан, нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет элда истиқомат қилувчи ватандошларимиз ва чет эл фуқаролари орасидан малакали ва юқори малакали мутахассисларни жалб этиш ҳам киради.
Кетишнинг иложи бўлмайди
Шундай қилиб, давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаро хизматига номзодларни мустақил равишда танлов асосида саралаб олиш ишлари, алоҳида тартибда сайланадиган ва тайинланадиган лавозимлардан ташқари, қуйидаги тартибда амалга оширилади:
· 2020 йил 1 январдан – пилот режимида, бутун вертикал бўйлаб – давлат бошқаруви органларида ва муайян ҳудудлардаги барча давлат ташкилотларида;
· 2021 йил 1 январдан бошлаб – давлат фуқаро хизмати кўзда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида.
Танловдан ўтган шахслар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг филиаллари билан мувофиқлаштирилмасдан туриб лавозимидан бўшатилиши мумкин эмас.
Ҳозирги ходимларга тўхталадиган бўлсак, фармонда давлат органлари ва ташкилотлари давлат фуқаро хизматчиларининг, ишлаб чиқаришдан узилган ҳолда, ҳар йили қисқа муддатли малака ошириш курсларини (30-60 соат) ўташларини таъминлаши шарт бўлган тартибни жорий этиш кўзда тутилган.
Шарҳлар