Ўзбек разведкачилари Fergana, Eltuz ва Centre1 нашрларига киберҳужум уюштирди

Ўзбек разведкачилари Fergana

Ўзбек разведкачилари фаоллар ва диссидентларга киберҳужумлар сериясини ишга тушириш учун жосуслик бўйича тайёр очиқ тижорат воситаларидан фойдаланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги Kaspersky киберхавфсизлик бўйича Москва мутахассисларига таянган ҳолда хабар беради.    
 
Kaspersky компаниясининг тадқиқотчиси Брайан Варфоломейнинг айтишича, ҳужумлар ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 02616 бўлинмаси турибди.
 
Reuters иккита манбага таянган ҳолда, МХХ нишонлари қаторига Fergana News, Eltuz, Centre1 ва «Палестинская хроника» янгиликлар агентликлари ҳам кирганини маълум қилади.

Брайан Варфоломей Лондондаги Virus Bulletin киберхавфсизлик анжуманида сўзга чиқар экан, хакерларнинг Интернетда ўз изларини йўқотиш пайтидаги хатоликлари туфайли фаолликни аниқлаганини айтади. Айрим ҳолларда улар Касперский антивирусидан фойдаланиб, компьютерларга ўз ҳужумларини текшириб кўришган.
 
Компания битта киберҳужумни кузатган ва у О.Т.Хожиакбаров исмли кишига олиб келган. Оммавий реестрда у “02616 ҳарбий бўлинмаси”нинг директори сифатида қайд этилади.

Умумий фойдаланувдаги ҳисоботларда 02616 ҳарбий бўлинмаси давлатга тегишли экани кўрсатилган. Омониллахон Тулқунович Хожиакбаров 2005 йили президент қўлидан ҳарбий мукофотга сазовор бўлган МХХ зобити.

«МХХ ЎЗбекистон ТИВ ва Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси орқали берилган саволларда жавоб қайтармади. Reuters ҳам изоҳ олиш учун Хожиакбаров билан боғлана олмади ва Ўзбекистон президенти администрацияси унинг МХХдаги роли ва олган мукофоти ҳақидаги саволларига жавоб бермади», – дея қайд этилади агентлик хабарида.
 
Шунингдек Kaspersky компаниясида 02616 бўлинмаси ҳужумларни Германиянинг FinFisher фирмасида ишлаб чиқилган дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда уюштиришини ҳам маълум қилишди. FinFisher фирмаси ҳам Reuters агентлигининг изоҳ бериш ҳақидаги бир нечта сўровларига жавоб қайтармаган.   

«Kaspersky  тадқиқотчиси Брайан Варфоломейнинг сўзларига кўра, бузиб кириш учун харид қилинган тайёр воситаларга қўшимча равишда, 02616 бўлинмаси томонидан 2018 йил октябрь ойида компьютерлар ва мобил телефонларга бузиб кириш учун «Sharpa» номи остида ўз платформасини ишлаб чиқиш устида иш бошланган. Ушбу тизим бирор-бир ҳужумда қўллангани ёки қўлланмагани номаълум», – дея қайд этади Reuters.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.