Блогер Нафосат Оллашукурова рухий касалликлар диспансерига жойлаштирилди

Блогер Нафосат Оллашукурова рухий касалликлар диспансерига жойлаштирилди

Facebook ижтимоий тармоғида Shabnam Olloshkurova номи остида ёзиб турувчи блогер Нафосат Оллашукурова суд қарори билан Хоразм вилоят рухий касалликлар диспансерига жойлаштирилди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.

Бундан олдин Нафосат Оллашукурова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194, 195 ва 202 моддалари бўйича 10 суткага ҳибсга олинганди.

Тошкентга ички ишлар вазирлигининг қабулига пиёда йўл олган Н.Оллашукурова ва журналист ва шоир Махмуд Ражабовга қарши жиноий иш қўзғатилган. Махмуд Ражабов озод этилган.

Бош прокуратура тарқатган хабарга кўра, 26 сентябрь куни маъмурий хибс чоғида Нафосат Оллашукуровада “руҳий ўзгаришлар” қайд этилган ва тез ёрдам чақирилган. Психиатр тавсиясига кўра уни тиббий кўрикдан ўтказиш учун Хоразм вилоят руҳий касалликлар диспансерига олиб кетишган.

Кейинчалик ушбу диспансер фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига мурожаат қилиб, Оллашукуровани диспансерга жойлаштиришга рухсат сўраган.

Хабарда қайд этилишича, у “ожиз, яъни ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга қодир эмас, шунингдек ўзи ва атрофдагилар учун хавфли”.

30 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди ўзининг якуний қарори билан Нафосат Оллашукуровани Хоразм вилоят руҳий касалликлар диспансерига мажбурий равишда юборган. Ҳозир у даволаш муолажаларини олмоқда, дея қайд этишди Бош прокуратурада.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.