Трампнинг рақиблари қандай қилиб Ўзбекистонни Украина билан адаштиргани ҳақида
Ўзбекистон АҚШ Конгресси томонидан президент Трампни импичмент беришга мажбур этиш бўйича бораётган жараён объектига айланди.
Washington Post нашри 6 октябрь куни бир мақолани чоп этди, унда жаноб Трампнинг адвокати Руди Жулиани Хьюстон энергетика компаниясининг топшириғи бўйича ўзининг бирмунча вақт олдинги “собиқ совет блоки”даги контактлари ҳақида батафсил гапириб берган. Унга кўра, гўёки жаноб Жулиани бўлғуси президентлик сайловларида Трампнинг рақиби бўлган Жо Байденнинг Burisma энергетика компанияси (Украина) билан алоқалари ҳақида билган (ёки билиши мумкин бўлган). Ўша пайтда жаноб Байден АҚШ вице-президенти бўла туриб, гўёки ўзининг ўғли Хантерни Burisma топ менежери лавозимига “жойлаштирган”. Бу ҳақда Жулиани гўёки унга топшириқ берган шахсга айтиб берган. Жаноб Трамп эса, Burisma билан боғлиқ вазиятни ўз рақибининг коррупцион битими сифатида тақдим этишга уриниб, Украина президенти Зеленскийдан уни тергов қилишни сўраган. Жаноб Зеленский ҳам ваъда берган. Аммо бу ваъда жаноб Трампнинг рақиблари учун уни Конгрессда ўз мансабидан фойдаланганликда, яъни коррупцияда айблашга асос бўлди. Ҳозир “украинагейт” деб аталаётган нарса бошланди ва бу Трамп импичменти жараёнини бошлаш учун баҳонага айланди.
Кўриб турганингиздай, биз ҳар сафар “гўёки” сўзини ишлатяпмиз. Гап шундаки, на Washington Post мақоласининг муаллифлари, на конгрессменлар нима, қачон ва қандай юз берганини аниқ билмайди (эслолмайди). Океан ортидаги бизнесмен-ҳамкасбга кўрсатиладиган оддий “хизмат” бироз вақтдан кейин катта сиёсий ўйинда кўзир қартага айланиши кимнинг ҳам хаёлига келибди дейсиз.
Мана шу “ҳеч ким эслолмайди!”ни адвокат Жулиани ўз топшириқ берувчиси Трампни ҳимоя қилиш учун асосий далил қилиб олди. У журналистларга “Мен у пайтда Украинада ҳеч қандай битимларни амалга оширмаганман. Украинадаги битимлар ҳақида ҳеч нима билмайман. Умуман, ўша пайтда Ўзбекистон билан битимларни тайёрлаганман” дейди.
Албатта, америкалик оддий конгрессмен Украина ва Ўзбекистон орасидаги фарқни қийинчилик билан англаши мумкин. Бу мамлакатлар ва Уганда ўртасидаги ёки Уругвай ўртасидаги фарқни ҳам, албатта… Бироқ Конгрессдаги эҳтирослар туғёни шу даражада юқорики, ишни ҳуқуқшунослар ўз қўлларига олишди. Мана энди Жулианининг “Ўзбекистондаги изи” тергов қилиниши керак. Бу эса анча жиддий тергов бўлиши аниқ. Гап шундаки, anhor.uz маълумотларига кўра, жаноб Жулиани ҳеч қачон Ўзбекистонда газ (нефть) соҳасидан манфаатга эга бўлмаган. Яъни у, юмшоқ қилиб айтганда, яхшигина адашган.
Демак, биз яна бир можаронинг гувоҳига айланиш арафасидамиз. Бу сафар бевосита ўзимиз иштирокимизда.
Юрий Черногаев
Шарҳлар