Андижонда ўқитувчиларни дўппослаган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Андижондаги 50-сонли мактабда ишлайдиган икки нафар педагог У.Т. ва унинг икки нафар ўртоғи томонидан дўппосланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Бош прокуратуранинг қайд этишича, У.Т. ва унинг икки нафар ўртоғига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Низо маънавий-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Ш.У. ва ҳарбий чақириққача тайёргарлик бўйича ўқитувчи Г.А. математика ўқитувчиси Д.Ю.га кечиккани ва кийим кийиш маданиятини бузгани учун танбеҳ бергани боис содир бўлган. Математика ўқитувчиси ўз турмуш ўртоғига шикоят қилишини айтиб қўрқитган.
Тахминан соат 13:35 да математика ўқитувчисининг турмуш ўртоғи У.Т. ва унинг оғайнилари мактабга кириб, директор ўринбосари ва ҳарбий чақириққача тайёргарлик ўқитувчисини қўллари ва темир билан уришган. Шунингдек уларни ажратмоқчи бўлган ўқитувчиларни ҳам ҳақорат қилишган ва уришга ҳаракат қилишган.
Соат 14:00 да мактабга профилактика инспекторлари келган, аммо математика ўқитувчисининг турмуш ўртоғи ва унинг танишлари бу пайтда воқеа жойини тарк этган эди.
Жабрланганлар тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиалига етказилган. Шифокорларнинг хулосасига кўра, директор ўринбосарида мия чайқалиши, бурун синиши, ўнг кўз атрофи ва тизза соҳасининг шикастланиши, ўқитувчида эса мия чайқалиши, бурун синиши, чап қўл ва баданда кучли шикастланишлар, иккита тиш синиши қайд этилган.
«Жабрланганларнинг аҳволи ёрдам кўрсатилганидан кейин яхши сифатида баҳоланмоқда, ҳозир улар шифокор кузатуви остида», – дейилади ХТВнинг хабарида.
Шарҳлар