Сенат банклар ва банк фаолияти ҳақидаги қонунни янги таҳрирда маъқуллади
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўзининг 23 ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.
Қонунга мувофиқ банклар томонидан амалга ошириладиган амалиётлар рўйхати қимматли металлардан тайёрланган тангаларни харид қилиш ва сотиш, электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва узиш каби қатор янги амалиётлар билан тўлдирилди.
Қонун билан банкларнинг устав капитали миқдори 100 млрд. сўм миқдорида белгиланди.
Кредиторлар ва омонатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадларида Қонун томонидан банклар учун тақиқланган ёки чекланган фаолиятга доир нормалар ўрнатилди. Хусусан, банклар бевосита ишлаб чиқариш, савдо, суғурта фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмас.
Шунингдек, қонун билан молиявий институтлар бирлашмаси сифатидаги банк гуруҳлари тушунчаси киритилган. Унга кўра асосий банк бевосита ёки билвосита бошқа банклар акцияларининг камида 25% га ҳамда молиявий институт устав капиталининг 50% дан ортиғига эгалик қилади.
Маъқулланган қонун президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда чоп этилганидан кейин кучга киради.
Шарҳлар