Кечки Анҳор: 11 октябрь янгиликлари
Марказий банк нега хусусий айирбошлаш пунктлари йўқлигига изоҳ берди. МБ Россия ва Тожикистоннинг бу борадаги тажрибасини ўрганиб, бу “ваколатларнинг суиистеъмол қилиниши”га олиб келди деган хулосага келган. Шунингдек, МБ нега айирбошлаш амалиётлари билан банклар шуғулланаётганига аниқлик киритди – бу жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ва уни назорат қилиш имконини беради.
Сенат она сути билан озиқлантириш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш, гўдаклар ва кичик ёшли болаларни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Янги таҳрирдаги Марказий банк тўғрисидаги қонун маъқулланди. Ҳужжат Президент томонидан имзоланганидан кейин Марказий банк Сенатга ҳисоб берадиган бўлади. У аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан бирга МБнинг йиллик ҳисоботини ҳам кўриб чиқади. Марказий банк бундан буён Ўзбекистон ҳукуматига, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан давлат бюджети танқислигини молиялаштириш учун кредитлар ёки молиявий ёрдам тақдим этмайди.
Даромадлари ҳақида декларация тақдим этмаганлиги учун давлат хизматчилари ишдан бўшатилиши мумкин. 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг алоҳида тоифалари, уларнинг оила аъзолари учун даромадлар, мулк ва харажатлар назоратини ҳар йили декларация тўлдириш йўли билан назорат қилишни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги Президент қарорининг лойиҳаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги муҳокамасига тақдим этилди.
Бош прокуратура Фарғонада ўғирликда гумон қилинаётган иккита шахснинг маҳаллий аҳоли томонидан “самосуд” қилиниши ҳолатига изоҳ берди. Ўғирликда гумон қилинаётган иккита шахс жабрланган Алижон Т.нинг қўшнилари томонидан боғланиб, дўппосланган. Эркаклар ўғирлик қилганини тан олган, ҳозир уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек “самосуд” уюштирган одамларнинг шахси ҳам аниқланмоқда.
Шарҳлар