Кечки Анҳор: 15 октябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 15 октябрь янгиликлари

“Ўзстандарт” агентлиги сервис марказларининг мажбурий мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб импорт ҳажмини камайтирмайди, деб ҳисобламоқда. Бундан олдин агентлик, агар республика ҳудудларида камида битта сервис маркази бўлса, мамлакатга электр техникасини олиб кириш билан заводнинг расмий вакиллари ёки ишлаб чиқарувчининг расмий дилерлари шуғулланишини кўзда тутувчи тартибни жорий этишни таклиф қилганди. “Биз киритиладиган ўзгаришлар нархларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, деб ўйлаймиз”, – қайд этди Республика синовлар ва сертификатлаштириш марказининг директори Ақлбек Мустафоев.
 
ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Навоий колониясидаги қийноқлар ҳақидаги маълумотни рад этди. Сал аввалроқ “Фергана” нашри колониядаги ўн нафар махбус ишга янги қўлқоп ва пойабзал беришни сўрагани учун жарима изоляторига жойлаштирилгани ва у ерда шафқатсизларча дўппослангани ҳақида хабар берганди. ЖИЭББдагиларнинг таъкидлашича, “махбусларга нисбатан жисмоний ёки психологик босим чоралари кўрилмаган”.
 
Ўзбекистондан Қозоғистонга орангутан боласини олиб чиқишга уринишди. Бу ҳолатга Зангиота тумани ҳудудидаги божхона бошқармаси ходимлари томонидан чек қўйилди. Жонивор Тошкент ҳайвонот боғига топширилди, ҳозир у бу ерда карантинда турибди. Ушбу қонунбузарлик ҳолати бўйича божхона текшируви олиб борилмоқда.
 
Тошкент вилоятида болалар боғчасини реконструкция қилиш билан шуғулланган хусусий компания 2,4 млрд сўм маблағни ўзлаштирган. Ушбу ўзлаштирилган бюджет маблағлари ҳисобидан D.B.S компаниясининг раҳбари Chevrolet Laccetti автомобилини харид қилган. Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда, жиноий иш қўзғатилган.  
 
Бўлка нон нархи ошди. Ҳозир унинг нархи 1350-1500 сўм атрофида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.