Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Ўзбекистонни Озарбайжон билан яқинлаштира оладими
15 октябрь куни Озарбайжон пойтахтида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммити очилди. Ўзбекистоннинг саммитда Кенгашнинг тўлақонли аъзоси сифатида қатнашиши бу сафарги саммитнинг муҳим воқеаларидан бирига айланди. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг илк учрашуви Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигини ривожлантириш борасида муҳим учрашувга айланишни ваъда қилмоқда.
Тошкент ва Боку ўртасидаги дўстона муносабатлар нега секин ривожланаётгани, мамлакатлар ўртасидаги товар айланмасини қандай ошириш мумкинлиги ва президентлар учрашувидан кейин нималар ўзгариши ҳақида Anhor.uz мухбирига озарбайжонлик сиёсатшунос, “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клубининг раҳбари Илгар Велизаде гапириб берди.
«Бу икки давлат раҳбарининг биринчи расмий учрашуви. Ҳолбуки 2017 йилда, Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин икки ойдан сўнг ОАВда Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг тез орада режалаштирилган учрашуви ҳақида хабар берилган бўлса-да, бу амалга ошмаган эди. Эҳтимол, Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий шериклар билан янги форматдаги муносабатларни йўлга қўйиш масаласи ўрин олган тиғиз жадвали туфайли Бокуга ташриф кўп марта кейинга сурилгандир. Шунга қарамасдан, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томонлама манфаат ўтган давр ичида сақланиб турди. Мисол сифатида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этган Боку-Тбилиси-Карс темир йўл линиясининг очилиш маросимини эслашнинг ўзи етарли. Бу Ўзбекистоннинг биздан, шерик сифатида манфаатдор эканлигидан далолат беради», – дейди Илгар Велизаде.
Учрашув давомида Илҳом Алиев Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг Туркий тиллар кенгашига аъзоси бўлганлиги билан табриклади, бунда Озарбайжон раҳбари бу воқеа икки томонлама муносабатларни ва савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро минтақавий алоқаларни янада чуқурлаштиришга шубҳасиз янги туртки бўлишини қайд этди. Президентлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди ва истиқболда турган биринчи навбатдаги вазифаларни белгилаб олишди. Шунингдек, Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифининг эҳтимолий доираси ҳам белгиланди, дея қайд этади Илгар Велизаде.
Сиёсатшунос савдо-иқтисодий алоқаларга тўхталар экан, иккала мамлакат ҳам ҳамкорликнинг сиқиқ форматидан норози эканини таъкидлади.
«Узоқ йиллардан буён мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси анча паст даражада. Албатта, охирги пайтларда фоиз нисбатида ижобий динамика кузатилмоқда, лекин умумий рақамлар ҳамон унчалик катта эмас. Хусусан, Озарбайжон Давлат божхона қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 43,948 млн долларни ташкил қилган. Унинг 9,351 млн доллари Озарбайжон экспортига, 34,697 млн доллари эса импортига тўғри келади. Бу жуда кичкина сумма, чунки икки давлатнинг салоҳияти жуда катта. Бундан ташқари, товар айланмасининг тузилмаси ҳам жуда суст. Унда асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва қайта ишланган маҳсулотлар тақдим этилган. Ҳукуматлараро комиссиялар доирасида устувор йўналишларни янгидан тузиш зарурати яққол кўзга ташланмоқда», – дейди эксперт.
Шунингдек Илгар Велизаде нефть-газ соҳаси истиқболли йўналишлардан бири эканини ҳам қайд этди. Бугунги кунда ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқилган, тез орада уларни амалга ошириш ишларининг бошланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 15 октябрь куни, ЎзР энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Сиддиқов Озарбайжоннинг «SOCAR» компанияси президенти Ровнаг Абдуллаев билан нефть-газ ва кимё соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш механизмларини ишлаб чиқишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг инвестицион блокларида геология-разведка ишларини ўтказиш лойиҳалари ва Қашқадарё вилоятидаги конларда қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича йўл хариталари имзоланди. Улар келишувларни амалда рўёбга чиқариш ишларига тезроқ ўтишни кўзда тутади.
Бундан ташқари, экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Озарбайжоннинг логистика компаниялари учун катта қизиқиш туғдириши мумкин. Бугунги кунда минтақада янги йўналишлар шакллантирилмоқда ва Ўзбекистон трансзит хабига айланиши мумкин.
«Сўнгги пайтларда Озарбайжонда Афғонистон билан етарлича барқарор алоқалар фаоллашди. Бунинг устига Боку Лапис-Лазули йўналишини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди (2017 йил ноябрь ойида Афғонистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия ушбу мамлакатларни бирлаштирувчи Лапис-Лазули транспорт коридорини яратиш ҳақидаги келишувни имзолаганди. Ҳозирнинг ўзидаёқ миллий темир йўл ва автомобил магистраллари унинг катта қисмини ташкил қилмоқда. Келишув транзит логистикасини енгиллаштиришга ва божхона прцедураларини соддалаштиришга қаратилган – таҳ.). Ўзбекистон логистика компаниялари ҳам ушбу лойиҳада, масалан, Озарбайжоннинг йўл бошловчиси сифатида қатнашиши мумкин бўларди. Ахир ўзбек транспорт компаниялари бу ҳудудни яхшироқ билади ва афғон бозори билан ўзаро муносабатларда катта тажрибага эга», – дейди у.
Бундан ташқари,озарбайжонлик инвесторлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик бозорига, республиканинг табиий ва меҳнат ресурсларига қизиқиш билдирмоқда. “Яъни бўлғуси лойиҳалар учун йўналишлар жуда кўп, асосийси, икки мамлакат ҳукуматлари яқин ва узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорликни сақлаб қолишидир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, йўлни юрган енгади. Ҳозирча биз йўлнинг энг бошида турибмиз, ҳолбуки мустақилликка эришган кунимиздан бери анча вақт ўтиб кетди. Ўзаро алоқаларимизнинг мустаҳкамланиши буёғига қандай боришимизга боғлиқ”, – дея хулоса қилди Илгар Велизаде.
Элина Рустамова
Шарҳлар