Тожикистон фуқароси вояга етмаган ўзбекистонлик қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда
Россиянинг Уфа шаҳрида Тожикистон фуқароси Комилжон Тўрабоев онасини миграция масалалари бўйича ИИВ бошқарамасига топшириш таҳдиди билан ўзбекистонлик вояга етмаган қизни икки йил давомида шантаж қилиб, зўрлаган. Бу ҳақда “Фергана” нашри “Вести-Башкортостан”га таянган ҳолда хабар беради.
Қиз видеомурожаат ёзиб, унда Тўрабоев уни маст қилиб биринчи марта 2017 йилда зўрлаганини айтиб берган. “Мен 12 ёшда эдим, у эса 43 ёшда. Бу икки йил давом этди. Ҳеч кимга айтолмадим, чунки у мени қўрқитиб келди. Онамнинг ҳужжатлар билан муаммолари бор эди. У онамга қалбаки ҳужжатлар қилиб берган экан.У онамни депортация қилишлари, сингилларимни эса мактабдан ҳайдашларини айтиб қўрқитарди. Мен кичкина эдим, ҳеч нарсани тушунмасдим. Оилам учун қўрқардим, шунинг учун чидаб келдим”, — дейди қиз.
44 ёшли Тожикистон фуқароси “оиланинг дўсти” ҳисобланган ва қизнинг сўзларига кўра, уни таъқиб қилиб келган, ёнига ҳеч кимни яқинлаштирмаган, шу жумладан 2019 йил май ойида танишган йигити билан ҳам учрашишга қўймаган. Зўрлашлар ҳақида биринчи бўлиб қизнинг опаси билиб қолган ва ҳаммасини онасига айтиб берган, у эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган.
Прокуратурада қиз ва унинг онасини Киров район ИИБга юборишган, у ердан қиз ва унинг сингилларини ижтимоий етимхонага, онасини эса чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказига юборишган. Қиз буни тожик фуқаросининг район полиция бошқармасида алоқалари мавжудлиги билан боғламоқда.
«Биз уни хибсга олишлари учун ёрдам сўраб келгандик, лекин (улар) бунинг ўрнига онамизни қамаб қўйишди, бизни эса етимхонага жойлаштиришди. Биз онамиз билан ажралишни хоҳламагандик, аммо ўша куни бу фақат бир кунга эканини айтиб, бизни алдашди. Ўшандан бери 20 кун ўтиб кетди, бизга онамиз билан кўришишга рухсат беришмаяпти, ишда силжиш йўқ. Менинг ишимни яна уч ойга узайтиришди», — деб шикоят қилади 14 ёшли қизча.
Тожикистон фуқароси эса озодликда юрибди, қурбоннинг сўзларига кўра, бошқа вояга етмаган қизни йўлдан уриш билан овора: “У мен танийдиган бошқа бир қиз билан ҳам шу ишни қилишни бошлаганди. У 12 ёшда, у дўстининг қизи. Опамга ҳар доим кичик ёшдаги қизлар билан учрашишини кўп марта айтган экан».
Башкортостан бўйича тергов қўмитаси вояга етмаган қизни зўрлашда гумон қилиш бўйича жиноий иш қўзғатди. “Айни дамда гумондор билан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, унга нисбатан ҳибсга олиш кўринишидаги олдини олиш чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал этиляпти”, — дейди тергов қўмитасининг республика бўйича тергов бошқармаси бошлиғининг катта ёрдамчиси Евгений Каневский.
Республика ИИВ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, онага нисбатан миграция қонунчилигини бузгани учун Россия ҳудудини тарк этиши ҳақидаги суд қарори мавжуд. У 2020 йил июлига қадар Россия ҳудудига кира олмайди.
Шарҳлар