Россия халқаро қидирувда бўлган жиноятчини Ўзбекистонга топширди
Россия Федерацияси Бош прокуратураси Ўзбекистон фуқароси Шерзод Шохўжаевни жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширишга қарор қилди. Ушбу шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “г” бандида кўзда тутилган жиноятни (одам савдоси) содир этганликда айбланади, дея хабар беради Саратов вилояти прокуратурасининг матбуот хизмати.
Қайд этиб ўтамиз, 1985 йилда туғилган Шерзод Шохўжаев содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган. У 2013 йилда бир неча бор Ўзбекистондаги уюшган гуруҳ таркибида ўзбек фуқароларига ишга жойлаштиришни, яхши маош ва шароитларни кафолатлаган ҳолда, уларни ноқонуний ишлатиш мақсадида ёллаб келган.
Хусусан, Шохўжаев ўзбекистонлик фуқароларни давлат чегарасидан Россияга ўтказиб қўйиб, бу ерда шериклари билан бирга жабрланувчиларнинг паспортларини олиб қўйган, уларни иш ҳақини бермаган ҳолда турли объектларда ишлашга мажбур қилган.
Ўзбекистонда Шохўжаевга саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши мумкин.
Шарҳлар