Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича яна келиша олмади
2014 йил 14 – 19 июль кунлари Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВнинг матбуот хизмати хабар беради.
Бундан олдин Anhor.uz таҳририяти Кампиробод ва Косонсой сув омборлари, Қирғизистоннинг Барак анклави ва Ўзбекистоннинг Шоҳимардон анклавига йўлларни очишга доир масалалар муҳокама қилингани, 2010 йилдан буён ёпиқ бўлган чегарадаги назорат –ўтказиш пунктларини очиш ҳамда газ конлари мавзулари кўриб чиқилгани ҳақида ёзганди.
Қирғиз ОАВнинг 25 июль куни ёзишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралар делимитацияси ва демаркацияси масаласида яна келиша олмаган. “Чегаралар делимитацияси ва демаркацияси масаласи бўйича олиб борилган музокаралар давомида биз ҳеч қандай аниқ қарорга кела олмадик”, – дейди Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Абдирахмон Маматалиев.
Унинг сўзларига кўра, томонлар фақат ўзаро Аҳдлар тўғрисидаги баённомалар билан алмашган. “Яъни ишчи гуруҳлар мувофиқлаштирилган ҳеч қандай лойиҳани тақдим этмади. Энди ҳукуматлар даражасида учрашганимизда вазиятга ойдинлик киради. Ушбу музокаралар ёз мавсуми охиригача ўтказилиши керак”, – дея қайд этади қирғизистонлик амалдор.
Ҳозирча Ўзбекистон ТИВ бу вазиятга изоҳ бергани йўқ.
Шарҳлар