Кечки Анҳор: 23 октябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 23 октябрь янгиликлари

Наманган вилоят тергов изоляторида хибсга олинган аёл ҳаётдан кўз юмди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, аёл “кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан соғлиғи тўсатдан ёмонлашгани” сабабли жон берган. Суд тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотларига қараганда ўлим ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги натижасида юз берган. Аёлнинг танасида жароҳатлар аниқланмаган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси Ипак йўли жамғармасининг 585 млн доллар маблағини жалб этмоқда. Бу Хитой инвестицион жамғармаси бўлиб, у инфратузилмавий лойиҳаларни, савдо ҳамкорлигини соддалаштиришни ва “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси доирасида молиялаштириш таъминланишини қўллаб-қувватлайди.
 
«Андижоннефт» компаниясида 12,8 млрд сўмлик ўғирлик ва камомадлар аниқланди. “Ўзнефтгазинспекция” мутахассислари компания фаолиятини текширувдан ўтказиб, 15287 минг тонна хомашё камомади ва ўғирлиги аниқланди. Текширув натижалари прокуратурага берилди, тергов ишлари олиб борилмоқда.
 
Юнусобод туман ҳокимининг ўринбосарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Эркин Зохидов 5000 доллар миқдорида пора олаётган пайтда қўлга тушди. У туман ҳокимининг ўзбошимчалик билан барпо этилган қурилмага мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги қарори чиқарилишида кўмаклашишни ваъда берган.

Энди жисмоний шахслар Ўзбекистондан $10 000 гача олиб чиқиши мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ жисмоний шахс бўлган резидентларга чет элда ҳисобрақамлар очишга рухсат берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.