Кечки Анҳор: 24 октябрь янгиликлари
Бош прокуратура ҳибсга олинган ҳоким ўринбосари Эркин Зохидовда 1,5 млн доллар ва Мальдив оролларига чипта топилгани ҳақидаги хабарни рад этди. Юнусобод туман ҳокими ўринбосарининг кабинетини кўздан кечириш пайтида иш столи тортмасида 5000 доллар пул ва “Тошкент-Истанбул” самолётига авиачипта брон қилингани ҳақидаги ҳужжат топилган. Қайд этиб ўтамиз, Зохидов 5000 доллар пора олаётган пайтда қўлга олинганди.
Самарқанд вилоятидаги паррандачилик фермасида юз берган ёнғин оқибатида 8000 та жўжа нобуд бўлди. Ёнғиннинг тахминий сабаби – қўлбола печдан фойдаланиш.
ФВВ Хоразм вилоятида бир оиланинг нобуд бўлиш сабабига аниқлик киритди. Янгиариқ туманида тўрт кишидан иборат оила ис газидан ҳалок бўлган. Ис гази тарқалишига уйдаги печ мўрисига қуш уяси тиқилиб қолгани сабабчи бўлган.
Давлат божхона қўмитаси Туркманистондан келаётган “махфий фуралар” ҳақидаги маълумотни рад этди. Бундан олдин “Туркманистон хроникалари” нашри “Президентнинг опаси Ўзбекистонга кетаётган ва у ердан қайтаётган фураларни текширишни тақиқлади” сарлавҳаси остида мақола чоп этганди. Унда тўртта катта юк машинаси мунтазам равишда “Фароб-автодорожний” чегара пунктини текширувсиз кесиб ўтиши қайд этилади.
Бош прокуратура Мажбурий ижро бюроси учун янги штат шакллантиришни таклиф қилди. МИБнинг 15 та туманлараро бўлимига ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда, яъни қарзларни пластик карталардан ва маошдан ушлаб қолиш йўли билан ундириш бўйича функцияларни юклаш таклиф қилинмоқда. Ушбу бўлинмалар бошқа бўлимларни қайта ташкил қилиш ҳисобидан ташкил этилади.
Шарҳлар