Янги Жамоат кенгаши “Ўзбеккино”даги коррупция фактларини аниқлайди
“Ўзбеккино” Миллий агентлигида Ўзбекистон кинематографчилари уюшмасининг бошқаруви йиғилди, унда Агентлик ҳузурида Жамоат кенгашини шакллантириш масаласи кўриб чиқилди.
Учрашувда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов, Кино арбоблари уюшмасининг раиси Матёқуб Матчонов, таниқли кинематографчилар ва режиссёрлар қатнашди.
Ташкил этиладиган Жамоат кенгаши Агентлик ва унинг муассасалари, мансабдор шахсларининг фаолиятини шаффофлик ва очиқлик тамойиллари асосида назорат қилади.
«Жамоат кенгашининг муҳим вазифаларидан бири – бу коррупцияга қарши фаолият, – дейди “Ўзбеккино” бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов. – Кенгашга аудиторлик текширувларини тасдиқлаш ва “Ўзбеккино” мансабдор шахсларининг ҳисоботларини тинглаш, бюджет маблағларидан тегишли тарзда фойдаланилишини назорат қилиш ва уларнинг натижаси бўйича таклифлар тайёрлаш ваколатлари берилади. Шу билан бирга, Жамоат кенгаши назорат органига айланиб қолмаслиги, балки Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш бўйича турли таклифлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш йўли билан Агентликнинг бошқарувчи органларига кўмак бериши ҳам муҳимдир», – дея таъкидлайди Агентлик раҳбари.
Шу ўринда “Ўзбеккино” маъмурияти ва Кинематографчилар уюшмаси мамлакат кино арбобларининг умумий форумини чақиришга қарор қилганини айтиш жоиз. Унда Жамоат кенгашини тасдиқлаш ва Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш дастурини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Жамаот кенгаши қай тарзда тасдиқланиши ҳозирча номаълум.
Шарҳлар