20 кунга 167 минг сўм: давлат эҳтиёжмандларни қандай қўллаб-қувватламоқчи
Бугун 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилани давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш режалаштирилаётгани маълум бўлди. Агар пул маблағларини эҳтиёжманд фуқаролар сонига бўлинса, унда 20 кунлик карантин даврида уларга 167 минг сўмдан тўғри келади. Биз ёрдам сўраб мурожаат қилган, аммо уни олмаган фуқароларнинг ҳикояларини тўпладик.
Назира (исми ўзгартирилган), Тошкент
Мен кўп йиллардан бери уй бекасиман, учта ўғлим ва қизим бор. Тўнғич ўғлим – ошпаз, карантин даврида ишсиз қолди, иккинчи ўғлим таъмирлаш ишлари билан шуғулланади, унинг кичикроқ бригадаси бор, аммо қатъий карантин даврида транспорт ва ёпиқ бозорлар туфайли у ҳам ишсиз қолди.
Эрим қамоқдан муддатидан олдин озод этилди, ярим йилдан буён маошидан фоизлар тўламоқда. Иккита кичик фарзандларим ҳали вояга етмаган. Биласизми, жуда қийин вазиятга тушиб қолганман, тўплаб қўйган пулимиз йўқ, маошдан маошгача яшаймиз. Карантин даврида 1197 рақами орқали ёрдам сўраб мурожаат қилдим, менга ёрдам беришди, аммо ўзингиз тушунасиз, бу ечим эмас. Humo картасини олдим, унга ойига 1 млн сўмдан пул ўтказишни ваъда қилишганди, аммо 3 ой ичида фақат 500 минг сўм ўтказишди.
Агар давлат карантин жорий этса ва одамларнинг пул ишлаб топиш, ҳаракатланиш имконини чекласа, у одамлар ҳақида ғамхўрлик қилиши керак. Ҳомийлик фаолиятини мувофиқлаштириш маркази ёрдамни бир хил тақсимлагани йўқ, кўплаб эҳтиёжмандлар қўнғироқ қилиб туша олишмади, айримлар эса бир неча марта ёрдам олишди.
Индира, Нукус
Мен ёлғиз онаман ва II гуруҳ ногирониман. Карантин бошланганида маҳалламиз озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этди: 200 грамм ун, 200 грамм макарон, 9 дона картошка.
Мен маҳаллий депутатга шикоят қилдим, у ўз чўнтагидан бизга озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилди, аммо маҳалла ёрдамни ўзининг ҳисобига ёзиб қўйди.
Михаил, Тошкент
Биз рафиқам билан ёрдам олишга ариза ёздик. Уйимизга маҳалладан келишди, тураржойимизни суратга олишди ва ҳомий уйни таъмирлаб беришини айтишди. Ҳозир бизга дори-дармон ва овқат зарур бўлган бир пайтда таъмирни нима қиламиз? Биз таъмирни рад этдик.
Ахир одамларга моддий ёрдам ажратишмоқда, аммо март ойидан буён биз уни умуман кўрмадик. Аввал бозорда пул ишлаб топиш билан кун кўрардик. Сотадиган нарсамиз бор, биз гуллар етиштирамиз, лекин ҳозир ҳаммаси ёпиқ.
Шарҳлар