Ҳукуматлар раҳбарлари ШҲТ йиғилишида қатнашиш учун Тошкентга келди
Бугун Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бошланди. Ушбу ишчи учрашув давомида кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурининг янги таҳририни қабул қилиш режалаштирилмоқда, дея хабар беради Аnhor.uz мухбири.
Мажлисда 10 дан ортиқ ҳужжатларнинг лойиҳалари кўриб чиқилади, шу жумладан мажлис якунлари бўйича савдо, қишлоқ хўжалиги, экология, цифровизация, транзит ва транспорт соҳасидаги қатор ҳужжатларни имзолаш ҳам кутилмоқда.
Шунингдек, томонлар жаҳон ва минтақавий иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашадилар. Бундан ташқари, мажлис доирасида делегацияларнинг икки томонлама учрашувлари ўтказилади.
Айни пайтда мажлисда Россия бош вазири Дмитрий Медведев, Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода, Қирғизистон бош вазири Муҳаммедқалий Абилгазиев, Беларусь бош вазири Сергей Румас қатнашиши маълум. ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳукуматларининг раҳбарларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилиши кутилмоқда.
Қайд этиб ўтамиз, ШҲТ 2001 йилда ташкил қилинган. Даставвал ташкилотга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо эди. 2017 йилда унга Ҳиндистон ва Покистон тўлақонли аъзо бўлиб кирди. Тўртта давлат (Афғонистон, Беларусь, Эрон, Мўғилистон) кузатувчи мақомига эга, олтитаси (Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка) эса мулоқот бўйича ҳамкорлар ҳисобланади. Ташкилотнинг котибияти мавжуд бўлиб, у Пекинда фаолият кўрсатади, минтақавий антитеррорчилик тузилмаси эса Тошкентда жойлашган.
Шарҳлар