Кечки Анҳор: 1 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 1 ноябрь янгиликлари

Қашқадарё вилоятида бир кунда иккита ЙТҲ содир бўлди. Уларнинг бирида Tico автомобили “ЗИЛ” билан тўқнашган, икки киши ҳалок бўлган, жабрланганлар бор. Бошқаси ЙТҲда Lacetti ва Nexia автомашиналари тўқнашган, тўққиз киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
 
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шахиднинг Ўзбекистонга ташрифи 2020 йилда кутилмоқда. У Ўзбекистонга илк бор 2017 йилда ташриф буюриб, “Жаслиқ” қамоқхонасини бориб кўрганди.
 
Президентнинг йўлларни кўкаламзорлаштириш бўйича қарори муҳокама учун эълон қилинди. 2021 йил охиригача яшил ўсимликлар ва уларнинг ўсишини ҳисобга олиш бўйича ягона ахборот-компьютер тизимини яратиш режалаштирилган. Автойўллардаги яшил ўсимликларни суғориш ва парвариш қилишнинг ресурсларни тежайдиган технологияларини босқичма-босқич жорий этиш билан янги ташкил қилинадиган «Йўлкўкаламсуғориш» унитар корхонаси шуғулланади.  
 
Молия вазирлиги 2020 йилга фуқаролар учун бюджетни тақдим этди. Вазирлик прогнозларига кўра, 2020 йилда мамлакатда ЯИМ ўсиши 5,5% даражасида сақланади. Бунда 2020 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 2019 йил учун режалаштирилган 15,5% билан солиштирганда 12,5-13% атрофида сақланиб туради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.