Ўзбекистон Миллий банки маҳаллий корхоналарга ишлаб чиқаришни модернизация қилишга қандай ёрдам беряпти
Ўзбекистон Миллий банки Бекободдаги “Ўзметкомбинат”га пресс-тур уюштирди. Комбинат темир-терсакни қайта эритиш учун ташкил қилинган эди. Айтиш жоизки, ўшандан буён у ҳар хил ишлаб чиқариш турлари билан шуғулланади. Бундан ташқари, завод қора металл ишлаб чиқариш учун йирик чет эл компаниялари билан қатор лойиҳаларни имзолаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.12.2016 йилдаги 954-Ф-сонли фармойишига мувофиқ ЎМБ ва “Ипотека банк” АТИБ “Ўзметкомбинат” АЖ базасида ферросилиций ишлаб чиқаришни ташкил қилиш” инвестицион лойиҳаси учун қайта молиялаштирувчи банклар сифатида белгиланди.
Лойиҳанинг асосий мақсади “Ўзметкомбинат” АЖ базасида йилига 15 минг тонна ҳажмда ферросилиций ишлаб чиқаришни ташкил қилишдан иборат.
Айни дамга қадар ускуналар тўлиқ етказиб берилган, ишга тушириш ишлари якунланиб, ишчилар ўқитилган. Объектни фойдаланишга киритиш ўтган йил августида амалга оширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 36,13 млн долларни ташкил қилади, улардан 6,48 млн доллар маблағ Корея Эксимбанки ҳисобидан ЎМБ томонидан жалб этилган.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.05.2017 йилдаги Р-4938-сонли фармойишига мувофиқ ЎМБ “Ферросиликомарганец ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестицион лойиҳасини ҳаммолиялаштириш мақсадларида Корея экспорт-импорт банкининг кредит маблағларини қайта молиялаштирувчи банк сифатида белгиланди.
Ушбу маҳсулотнинг унумдорлиги умумий ҳажмда йилига 10 минг тоннани ташкил қилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 23,8 млн доллар бўлиб, улардан 5,7 млн АҚШ доллари ЎМБ томонидан жалб этилган. Объектни фойдаланишга топшириш ишлари ўтган йил декабрь ойида бажарилди.
Иккита лойиҳа бўйича кредит маблағлари тўлиқ ўзлаштирилган. Кредит муддати – бир йиллик имтиёзли давр билан беш йил.
Корхонада 290 та янги иш ўрни яратилган. Ферросилиций ва ферросиликомарганец қора металл учун жуда керакли компонент ҳисобланади, у металлга қайишқоқлик ва мустаҳкамлик хусусиятларини беради.
Ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш йилига 15 млн АҚШ долларини тежаш имконини беради. Ўзбекистоннинг ҳозирги ишлаб чиқаришини ҳисобга олган ҳолда, уни чет элга экспорт қилиш режалаштирилган. 2024 йил учун прогнозларга кўра, ферросилиций ва ферросиликомарганец унумдорлиги йилига 50 млн АҚШ долларидан ошади.
Ҳозирнинг ўзидаёқ ушбу маҳсулотларни харид қилишга дунёнинг 10 та мамлакатидан талабнома олинди.
Шарҳлар