Эр-хотин ўз фарзандини ўлдириб, жиноятни яширишга уринди
4 ноябрь куни фуқаро А.В. пойтахтнинг Бектемир туманидаги “Compass” савдо мажмуида 5 ёшли қизи Д.К. йўқолгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беради. Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ички ишлар бош бошқармаси томонидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, зудлик билан қизни излаш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Айтиш жоизки, тезкор-тергов гуруҳи А.В. ва унинг фуқаролик эри М.Ф.нинг кўрсатмаларига шубҳа билан қарайди. Кун давомида амалга оширилган қидирув тадбирлари натижасида 5 ёшли Д.Книнг қаерда экани аниқланмаганини ҳисобга олиб, қизча қотиллик қурбони бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни илгари сурган ҳолда дарҳол Жиноий кодекснинг 97-моддаси 1-қисми (қассдан қотиллик қилиш) бўйича жиноий иш қўзғатилади.
«Тезкор тергов тадбирлари натижасида 25.10.2019 йилда соат тахминан 03:00 да тунда эр ва хотин иккаласи Сирғали туманида ижарада турган хонадонда, спиртли ичимлик ичиб ўз фарзандларини қасддан ўлгунча калтаклашган. Кейин содир этилган жиноятни яшириш ва жазодан қочиш мақсадида жасаддан халос бўлишга қарор қилишган. Шу куни эрталаб уни йўл сумкасига солиб, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ижарага олинган дала-ҳовлига олиб боришган ва ёқиб юборишган. Жасаднинг охиригача ёнмаган қолдиқларини қопга солиб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишган», – дейилади Тошкент прокуратурасининг хабарида.
Воқеа жойи кўрикдан ўтказилганида Д.К.нинг жасади топилган ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Тергов қилинаётган жинойи иш доирасида А.В. ва М.Ф. қасддан қотилликда гумондорлар сифатида ишга жалб этилган ва Жиноий-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида қўлга олинган. Тергов давом этмоқда.
Шарҳлар