Тожикистон-Ўзбекистон чегараси яқинида қуролланган гуруҳ чегара заставасига ҳужум қилди (янгиланди)
«2019 йилнинг 6 ноябрига ўтар кечаси соат 03:23 да юзига ниқоб таққан 20 та номаълум шахсдан иборат қуролланган гуруҳ ўқотар қуролни қўллаган ҳолда “Султонобод” чегара отрядининг “Ишқобод” ҳарбий қисми 4-чегара заставасига ҳужум қилди», – дейилади Тожикистон Республикаси ДМХҚнинг чегара қўшинлари матбуот маркази тарқатган хабарда. Ушбу чегара заставаси Тожикистон-Ўзбекистон чегараси яқинида Рудакий тумани ҳудудида, Душанбедан 60 км масофада жойлашган.
Хабарга кўра, ҳужум давомида номаълум шахслар 5 та ўқ отар қуролни (АКМ) ўзлари билан олиб кетмоқчи бўлган.
Куч ишлатар тузилмаларнинг операцияси натижасида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилинди, 5 нафари эса қўлга олинди. Қуролли отишмада Чегара қўшинларининг бир нафар аскари ва Тожикистон ички ишлар вазирлигининг бир нафар ходими ҳалок бўлган.
Ҳозирча ҳужум қилганлар ҳақида маълум қилинмаяпти. Айни пайтда воқеа жойида тезкор тергов гуруҳи ташкил қилиниб, тергов давом этмоқда.
Янгиланди: «Московский комсомолец» нашри Тожикистон ДМХҚга таянган ҳолда, ҳужум қилганлар «Ислом давлати» аъзолари экани ҳақида хабар беради .
Фотосурат: Тожикистон ИИВ сайти
Шарҳлар