Кечки Анҳор: 6 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 6 ноябрь янгиликлари

Фарғона вилоятида юз берган ЙТҲда икки нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди. Қизлар дадаси билан Tico автомобилида бўлган. Автомашина А-373 йўлининг 54-километрида бош йўлдан кетаётган Nexia машинасига йўл бермаган. Тўқнашиш натижасида Tico ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва машина йўл ёқасидаги ариққа ағдарилган. Ушбу воқеа бўйича жиноий иш қўзғатилди, тергов олиб борилмоқда.
 
Шавкат Мирзиёев “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Унга кўра, банклар томонидан амалга ошириладиган молиявий амалиётлар рўйхати кенгайди, хусусан мулк ва активларни ишонч асосида бошқариш, аффинланган қимматли металларни харид қилиш ва сотиш, ҳосилали молиявий воситалар билан амалиётлар пайдо бўлди. Энди банк алоҳида хизматлар ва амалиётлар турларини Марказий банк рухсати билан аутсорсингга беришга ҳақли.
 
Ўзбекистон инглиз тилини билиш бўйича рейтингда 100 та мамлакат ичида 95-ўринни эгаллади. Ўтган йили Ўзбекистон 86-ўринда эди, аммо у пайтда рейтингда 88 та мамлакат қатнашганди.

Инвестициялар жалб этилганидан кейин Абдулла Қодирийга бағишланган этно-шаҳарча барпо этилади. Ушбу этно-боғ лойиҳасини амалга ошириш учун 60 млрд сўмдан ортиқ маблағ, шу жумладан мактаб ва ҳайкал учун 40 млрд сўм, уй музейи учун 12 млрд сўм, яқин-атрофда жойлашган уйларда истиқомат қилувчи фуқароларга компенсация учун 10 млрд сўм талаб этилмоқда. Боғ ҳудудининг бир қисми Япониянинг H. I. S Hotel Holding компаниясига беш қаватли меҳмонхона қуриш учун берилган. Лойиҳа қиймати 13 млн долларга баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Президенти келаси йили мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини 2,5 млрд долларгача етказишни топширди. «Мамлакат аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш ва экспорт ҳажмини ошириш учун ҳар йили ишлаб чиқаришни 8-10 фоизга ошириш ҳамда қўшимча равишда 1 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш зарур», – дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.