Самарқандда ишчиларнинг оммавий муштлашуви натижасида Туркия фуқаролари жабрланди
6 ноябрь куни кўп қаватли уйлар қурилаётган Самарқанднинг Қорасув даҳасида 10 нафар қурувчи ўртасида жанжал юз берган. Унда 4 киши жабрланган, уларнинг 3 таси Туркия фуқароларидир. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Маълумотларга кўра, уч нафар турк мутахассиси исиниш учун қурилиш майдончасида олов ёққан. Оловга Ўзбекистон фуқароси бўлган яна бир ишчи келганида, уларнинг ўртасида келишмовчилик юзага келиб, у жанжалга айланиб кетган. Муштлашувга яна олтита ишчи қўшилган.
Тўрт киши, шу жумладан учта турк мутахассиси тан жароҳатларини олиб, тиббий муассасага мурожаат қилган.
Ушбу воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноий кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Шарҳлар