Президент МДҲ мамлакатлари махсус хизматларининг раҳбарларини қабул қилди
Бугун Шавкат Мирзиёев МДҲ мамлакатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси иштирокчиларини қабул қилди.
Учрашувда МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ўртасидаги ўзаро яқин алоқаларни давом эттиришга, шу жумладан ўзаро ахборот алмашиш ва биргаликда террорчилик, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар ўтказиш масалаларига эътибор қаратилди.
«Кибержиноятчиликка қарши курашишда, зўравонлик ва радикал қарашларни ташвиқот қилиш мақсадларида интернет ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга қаршилик қилишда кучларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди», – дейилади Президент матбуот хизматининг хабарида.
Шунингдек, учрашув давомида яқинда Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлар раҳбарларининг саммитига тайёргарлик доирасидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шарҳлар