Андижон вилоятида ИИБга чақиртирилганидан кейин 20 ёшли йигитни ота-онаси тополмаяпти

Андижон вилоятида ИИБга чақиртирилганидан кейин 20 ёшли йигитни ота-онаси тополмаяпти

2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижоннинг Жалолқудуқ туманида ИИБ ходимлари чақиртириб олган 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳиров уйига қайтмагани ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳақда Kun.uz маълум қилади.
 
Йигитнинг отаси Дилмурод Тоҳировнинг сўзларига кўра, у ўғлини 26 октябрдан буён кўрмаган. Ўғли 2018 йил ноябрь ойида Россияга ишлашга кетиб, шу йил май ойида уйига қайтган экан.

Дилмурод Тоҳировнинг айтишича, 26 октябрь куни ўғли ЙТҲнинг иштирокчисига айланган. У устахонага келиб, очиқ багажникда «VSF» тоифасидаги рақамни (рақамлар ИИБ ходимларига тегишли) кўрган, кейинчалик эса машина Андижон вилоят ИИБнинг террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш бошқармасининг бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашевга тегишли эканини билиб олган.

Дилмурод Тоҳировнинг қайд этишича, шу куни кечқурун соат 23:30 да ИИБ ходимлари келиб, уйни тинтив қилган. “Улар ўғлимнинг телефонини, барча эҳтиёт қисмларни, кичкина компьютер ва флешкани олиб кетишди”, – дейди у.

27 октябрь куни ота ўғлини Тошкентга олиб кетишаётганини билиб қолади. Шундан сўнг йигитнинг ота-онаси бир неча бор подполковник Қаҳрамон Эргашев билан боғланишади, бунга жавобан у ўғилларини тез орада қўйиб юборишларини айтади.

«Биз Абдуллоҳ қаерда деб сўрадик. У бу ишнинг ЙТҲга алоқаси йўқлигини айтди. Маълум бўлишича уни Тошкентнинг буйруғи билан пойтахтга олиб кетишган. Гўёки ўғлим Россияда бўлганида, интернет орқали юқори мартабали шахсларни сўккан эмиш», – дейди Дилмурод Тоҳиров.

30 октябрь куни Абдуллоҳнинг ота-онаси Тошкентга келади ва адвокат ёллайди. Аммо улар ҳамон ўғилларининг қаерда эканини, уни қайси модда бўйича, қаерда ва қачон суд қилишганини билишмайди.

Адвокат Умидбек Давлатовнинг маълумотларига кўра, маъмурий ишлар бўйича Андижон шаҳар суди Абдуллоҳга нисбатан ҳеч қандай ишни кўриб чиқмаган. “Шунингдек биз бошқа туман ва вилоят судларида ҳам бўлдик. Прокуратура ва ИИБ вакиллари билан гаплашдик. Маҳаллий изоляторларни бориб кўрдик. Ҳеч қандай маълумот йўқ”, – дейди  адвокат.

Тоҳировнинг оиласи Президентнинг виртуал қабулхонасига, Бош прокуратурага, ИИВ ва ДХХга мурожаат қилган, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Kun.uz журналистлари Эргашев билан боғланишга муваффақ бўлди. Унинг сўзларига кўра, Тоҳировнинг хибсга олиниши ЙТҲ билан боғлиқ эмас. Бунинг устига “ҳеч қандай ЙТҲ бўлмаган. Машина менда, мен эса рулдаман”, – деган у. Эргашев Абдуллоҳнинг телефони билан боғлиқ “бир-икки нарса” борлигини ва улар ҳақидаги маълумот тез орада эълон қилинишини маълум қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.