Кечки Анҳор: 7 нобярь янгиликлари

Кечки Анҳор: 7 нобярь янгиликлари

ОАВ: ДХХ ва прокуратура органлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида коррупция фактлари бўйича текширув бошлади. 5 ноябрь куни лавозимидан бўшатилган ректор Баҳодир Ходиев жиноий иш фигурантига айланди.
 
Светлана Артикова Бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди. Артикова 2015 йилдан буён Сенат раҳбарининг ўринбосари эди.
 
Журналист Давлатназар Рўзметов ЙТҲда ҳалок бўлди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, журналист Урганч-Хива йўлини кесиб ўтаётганида уни «ГАЗель» автомобили уриб кетган. Рўзметов ўзининг танқидий материаллари билан таниқли эди, ўтган йил октябрь ойида у маҳаллий ҳокимликда пахта терими масалалари бўйича мажлисни видеога олишга уринганидан кейин жамоатчилик тартибини бузгани учун маъмурий ҳибсга ҳукм қилинганди.
 
Уйғурлар муаммоларини тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи Евгений Бунинни Ўзбекистонга қўйишмади. Бундан олдин у Ўзбекистонда бўлган. Унинг сўзларига кўра, аэропортда ДХХ чегара қўшинларининг ходимлари уни мамлакатга қўймаслик сабабларини билмасликларини айтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишни маслаҳат берган.
 
Давлат экология қўмитасида Қирғизистоннинг Майлуу-Су дарёси зонасидаги радиоактив чиқиндилар сақланадиган жой ҳақидаги ахборотга изоҳ беришди. Euronews телеканали ва Reuters агентлиги, радиоактив чиқиндилар қабристонлари ва ташландиқ уран шахтаси қўриқланмаётгани ва уларга хизмат кўрсатилмаётгани туфайли Фарғона водийсига экологик фожиа таҳдид солаётгани ҳақида ёзганди. “Умуман олганда, назорат қилинадиган ҳудудда радиация фони рухсат этилган кўрсаткичлар атрофида”, – дейилади Давлат экология қўмитасининг хабарида. Ушбу идоранинг қайд этишича, Шоҳимардон, Майлуу-Су ва Сумсар дарёлари ҳавзасида жойлашган 40 дан ортиқ кузатув пунктида сув сифати ва чўкиндилар ифлослантирувчи моддалар бор-йўқлигига мунтазам равишда мониторинг қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.