Кечки Анхор: 8 ноябрь янгиликлари

Кечки Анхор: 8 ноябрь янгиликлари

Президент бўлка нон таннархини камайтиришни топширди. Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларидаги айрим жойларда бир дона бўлка ноннинг нархи 2000 сўмдан ошган. Президент барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Тошкент тажрибасини асос сифатида олишни топширди, бу ерда чакана савдода бир дона бўлка нон нархи 1500-1700 сўмни ташкил қилади.
 
Тошкент вилоятида содир бўлган автобус авариясида бир киши ҳалок бўлди. Воқеа Нурафшон-Янгийўл автойўлида юз берган. Ходимларни Тошкентдаги “Азия Мебель” корхонасига олиб кетаётган 10V328OA  давлат рақамли автобус ҳайдовчиси 10830JBA рақамли автобусни қувиб ўтишга уринганида, у билан тўқнашиб кетган. Натижада биринчи автобус қатнов йўлидан чиқиб кетган. Иккала автобусда жами 39 киши бўлган, бир киши касалхонага ётқизилган.
 
Параатлетикачи Дониёр Солиев Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпиада-2020 мусобақаларига лицензияни қўлга киритди. Дониёр Солиев узунликка сакрашда 7,44 метр натижани кўрсатиб, олтин медал соҳибига айланди. Бу Ўзбекистоннинг саккизинчи лицензияси ҳисобланади.
 
Соғлиғи туфайли Пекин-Тошкент рейсидан беш нафар йўловчи тушириб қолдирилди. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг самолёти Ганьсу провинциясининг Ланчжоу аэропортида шошилинч қўнишни амалга оширган. Ўзбекистон фуқароси А.С.нинг артериал қон босими ошган, беш ёшли болада эса эпилепсия хуружи бошланган.

Тошкентдаги Акушерлик ва гинекология марказида 15,3 млрд миқдорида маблағ ўзлаштиришлар аниқланди. Марказнинг масъул шахслари ноқонуний фойда олиш мақсадида “Ипак йўли” банкининг Мирзо Улуғбек филиали, “Давр-банк”нинг Юнусобод филиали ходимлари ҳамда тўртта хусусий компаниянинг мансабдор шахслари ва раҳбарлари билан жиноий тил бириктирган. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.