Кечки Анҳор: 11 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 11 ноябрь янгиликлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сигареталар қутисига қўрқитувчи фотосуратларни жойлаштиришни таклиф қилди. Тиббий огоҳлантиришлар эскизларининг ечими камида 300 dpi (дюймга нуқта)ни ташкил қилиши мумкин. Қарор лойиҳасини муҳокама қилиш ишлари 26 ноябргача давом этади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини тиклади. Кенгашга Siymo реклама агентлигининг асосчиси ва “Миллий маркетинг маркази” ассоциациясининг раиси Диёр Мирзааҳмедов раҳбарлик қилади. Бундан олдин ушбу лавозимда Ҳикмат Абдураҳмонов фаолият кўрсатган, у шу йилнинг июль ойида раис сифатидаги фаолиятини якунлади.

Нукусда ис газидан эр-хотин заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган. Қашқадарёнинг Қарши туманида ис газидан заҳарланиш аломатлари билан саккиз киши касалхонага ётқизилган. Аёл иккита фарзанди билан ҳамда меҳмонга келган беш нафар қариндош ошхонада газ плитасини ёққан ҳолда ухлаган. Иккала воқеа бўйича терговгача текшириш ишлари олиб борилмоқда.
 
Ўзбекистон Президентининг куёви Отабек Умаров Аралаш жанг санъатлари ассоциациясига раҳбарлик қиладиган бўлди. Отабек Умаров Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлайди ва Ўзбекистон триатлон федерациясининг раиси ҳисобланади.
 
Тошкент тез ёрдам хизмати 150 та Ford реанимобилини олади. Қиймати 11,9 млн доллар бўлган лойиҳа Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан АТ ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Хитойнинг Henan Costar Group компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.