Кечки Анҳор: 12 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 12 ноябрь янгиликлари

Мактаб ўқувчилари учун ID-карталар концепциясининг лойиҳаси тайёр. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди. Ҳозир потенциал инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда, тизим 2020 йил 1 январдан ишга тушиши керак.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов кўзбўямачилик учун ҳайфсан олди. Бундан олдин вилоят ҳокими Зойир Марзаев бўлғуси сайловларга тайёрланишга топшириқ берган эди. “С.Бобоқулов ҳаммаси тайёр деб айтган. Аммо вилоят ҳокими туманга ташриф буюрганида, ҳаммаси олдинги ҳолатда эканини кўрган. Вазиятни унинг ташрифи олдидан тўғирлашга киришишган”, – дея хабар беради Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати.
 
Ижтимоий ҳимоя дастурига $2 млн йўналтирилади. Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва БМТнинг доимий вакили Хелена Фрейзер ижтимоий ҳимоя бўйича қўшма дастурни амалга ошириш тўғрисида битим имзолади. Ушбу дастур кейинги икки йил ичида амалга оширилади.

Риштон туманида ис газидан иккита қизча заҳарланган ва ҳаётдан кўз юмган. Улар қўлбола печ билан иситиладиган ваннахонада бўлганида табиий газ узилган ва кейин яна кела бошлаган. Туман прокуратураси терговгача текшириш ишларини олиб бормоқда.
 
Қаршида истиқомат қилувчи бешта фуқаро 26 ёшли аёлни зўрлашда гумон бўйича қўлга олинди. ИИВ маълумотларига кўра, зўрлаш шу йилнинг октябрь ойида содир бўлган. Беш нафар эркак (ҳаммаси 30 ёшдан катта) аёлни мажбуран автомобилга ўтқазиб, овлоқ жойга олиб кетган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.