Қирғизистон қишлоқ хўжалик вазирлиги Ўзбекистондан маҳсулотлар олиб кирилишини тақиқлаши мумкин
Қирғизистон Қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги Ўзбекистондан айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Sputnik.kg хабар беради.
Вазирлик маълумотларига кўра, йил бошидан буён Ўзбекистондан Қирғизистонга экспорт қилинадиган юкларни кўрикдан ўтказиш вақтида Евросиё иқтисодий иттифоқи талабларини бузиш бўйича 356 та ҳолат, шу жумладан зарарланган маҳсулотни олиб кириш бўйича 10 та ҳолат аниқланган.
Хусусан, анорларда шарқ мевахўри борлиги аниқланган. Бу ҳашорат шафтоли, олхўри, ўрик, нектарин, олма, нок, беҳи, олча, гилос, бодом мевалари ва шоҳларини шикастлайди. У меванинг 40 дан 100% гачасини йўқ қилишга қодир.
Ушбу маҳсулот Қирғизистон чегарасига Ўзбекистон Давлат ўсимликлар карантини бўйича инспекция томонидан берилган фитосанитария сертификати билан етказилган.
12 ноябрь куни “Достук” фитосанитария назорат постида ҳақиқий бўлмаган фитосанитария сертификатига эга ва ўрамида маркировкаси бўлмаган 35 тонна хурмо, беҳи ва нўхат тўхтатилди.
«ЕОИК талабларига ва Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб кириладиган карантиндан ўтиши керак бўлган маҳсулотлар партиясида мунтазам равишда карантин объектлари аниқланган тақдирда, маҳсулот олиб киришга вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин», — дейилади вазирлик тарқатган хабарда.
Қишлоқ хўжалик вазирлиги Ўзбекистон давлат ўсимликлар карантини органига огоҳлантирувчи хатни юборди.
Шарҳлар