Кечки Анҳор: 14 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 14 ноябрь янгиликлари

2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига рухсат беришлари мумкин. Жисмоний маданият ва спорт вазирлиги ушбу ҳужжат лойиҳасининг ташаббусчисига айланди. Унга кўра, букмекерлик фаолиятини лицензиялаштириш билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги шуғулланади. Букмекерлик фаолиятидан тушадиган фойданинг бир қисми спортни, биринчи навбатда, футболни ривожлантиришга йўналтирилади.
 
13-16 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр энергиясида вақтинчалик узилишлар бўлади. Бу “Навоий иссиқлик электр станцияси”да қуввати 450 МВт бўлган 2- буғ-газ қурилмасини синовдан ўтказиш ишлари билан боғлиқ. Энергетика вазирлиги қайси ҳудудларда электр энергиясида узилишлар бўлишига аниқлик киритмаган.
 
Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазирилиги Ўзбекистондан маҳсулотлар олиб кирилишини тақиқлаши мумкин. Вазирлик маълумотларига кўра, йил бошидан буён Ўзбекистондан Қирғизистонга экспорт қилинадиган юкларни кўрикдан ўтказиш вақтида зарарланган маҳсулотни олиб кириш бўйича 10 та ҳолат аниқланган. «ЕОИК талабларига ва Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб кириладиган карантиндан ўтиши керак бўлган маҳсулотлар партиясида мунтазам равишда карантин объектлари аниқланган тақдирда, маҳсулот олиб киришга вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин», — дейилади вазирлик тарқатган хабарда.

Сенат аъзолари зўравонлик воқеаси бўйича ИИВ бирлашган таҳририятининг фикрига қўшилмади. Бундан олдин ИИВ бирлашган таҳририятининг сайти жавобгарликни беш киши зўрлаган аёлнинг ўзига қисман юклаганди. “Ачинарлиси, кўнгилсиз воқеага учраган бу аёлнинг тунда кўчада юргани ёки ахлоқий юриш-туриши мазкур мудҳиш жиноят содир этилишига асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилмоқда”, –  дейилади Сенат хабарида.
 
“Лукойл” компанияси Иван Шиловнинг “мулоқот қилиш бўйича ахлоқий нормаларни мансимаганини ҳамда маҳаллий ва хизмат сафаридаги ходимларга қўпол гапирганини” тан олди. Бундан олдин Иван Шилов маҳаллий ишчиларни ҳақоратлаганди. «110 минг вольт кучланишли “Жарқудуқ” кичик станциясида ишларни амалга ошириш вақтида мастер бошчилигидаги электр монтёрлар бригадаси томонидан бригаданинг ҳалок бўлишига, қимматбаҳо ускуналарнинг шикастланишига ва бутун объектда ишлар тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин бўлган  хавфсизлик техникаси талабларини қўпол равишда бузилган. Ушбу қоидабузарликлар бош энергетик И.А.Шилов томонидан аниқланган, шундан сўнг кичик станциядаги ишлар тасдиқланган қоидаларга мувофиқ ҳолатга олиб келингунга қадар тўхтатилган», – дея қайд этилади компания матбуот хизмати тарқатган хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.