2020 йилдан бошлаб иситиш тизими учун янгича шаклда тўлашга тўғри келади

2020 йилдан бошлаб иситиш тизими учун янгича шаклда тўлашга тўғри келади

2 декабрь куни Президент Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизациялаш ва ушбу соҳа корхоналарини молиявий соғломлаштириш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолади. Бу ҳақда Norma.uz хабар беради.
 
2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 квадрат метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади.
  
Ушбу ўзгариш барча тоифадаги истеъмолчилар, хонадонлар тури (тураржой, нотураржой)га тааллуқли бўлиб, иситиш тизими учун тўлов шартларини деярли бир хил қилиб қўяди (бу шартлар ҳозир фарқ қилади).
 
Бундан ташқари, 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни шакллантириш ва белгилашда ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш ҳамда иссиқлик таъминоти тармоқларидаги йўқотишларни қисқартириш ҳисобига иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар таннархини қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилади.
 
Бунда аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.
 
Бошқа янгиликлар орасида қуйидагилар ҳам кўзда тутилган:

·         ресурс тежовчи замонавий технологияларни, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларида иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни инобатга олган ҳолда, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 2019-2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилади;
·         2021 йил 1 январдан бошлаб иссиқлик қувурларини реконструкция қилишда иссиқликни сақловчи, шу жумладан, пенополиуретандан тайёрланган полимер изоляцияли ва ҳимоя қобиғига ўралган, каналсиз ётқизиш имконини берувчи қувурлардан фойдаланилади.
аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида, кўп квартирали уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.