Кечки Анҳор: 21 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 21 ноябрь янгиликлари

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Korzinka.uz супермаркетлар тармоғига 40 млн долларгача маблағ инвестиция қилмоқчи. Ушбу маблағлар 2025 йилгача супермаркетлар сонини ҳозирги 50 тадан 140 тагача етказишга ҳамда “халқаро стандартларга мувофиқ корпоратив бошқарувнинг операцион самарадорлиги ва стандартларини яхшилашга” йўналтирилади.
 
Наманганда иккита осмонўпар бино қад кўтаради. Namangan Square 18 гектар майдонга жойлашади, лойиҳани амалга ошириш ишлари 20 ноябрдан бошланди. Ушбу лойиҳани амалга оширувчи MJ Developers компаниясининг маълумотларига кўра, мажмуа ҳудудида офислар, тураржойлар ва савдо майдончалари жойлашади.

Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятида бир кунда ис газидан беш киши заҳарланиб ҳаётдан кўз юмди. Хусусан, заҳарланишлар Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ва Навоий вилоятининг Хатирчи туманида содир бўлган. Ушбу ҳолатлар бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.
 
Қибрайдаги 25-сонли болалар боғчасида 180.4 млн сўмлик камомад аниқланди. Боғчанинг мансабдор шахслари гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Жиноий иш қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ва ЕТТБ 246,1 млн долларлик қарз тўғрисида келишув имзолади. Ушбу маблағларнинг 96,1 млн доллари “Навоий ИЭС”дан “Бесопан” 220 кВ алмашлаб улаш пунктигача узунлиги 177 км бўлган 500 кВ габаритдаги 220 кВ линия қурилишига йўналтирилади. Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларининг канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуришга 90 млн доллар, Қарши шаҳриникига эса 60 млн доллар ажратилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.