“Московия” авиакомпаниясининг самолётлари Ўзбекистонга парвоз қилмайди
“Росавиация” 2014 йилнинг 29 июлидан бошлаб “Московия” авиакомпаниясига мунтазам рейсларга чипта сотишни, 2014 йил 1 сентябридан бошлаб эса йўловчи ташиш ишларини амалга оширишни тақиқлади. Бу ҳақда “Росавиация” компаниясининг пресс-релизида хабар қилинади.
Ушбу қарор авиакомпаниянинг турли мамлакатлар аэропортларида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам, 2014 йил 11-13 июлдаги рейсларининг оммавий тарзда ушланиб қолиши муносабати билан ўтказилган режадан ташқари текшируви якунлари бўйича қабул қилинди.
“Росавиация” мазкур авиакомпания томонидан йўловчилар, шахсий таркиб, контрагентлар олдидаги мажбуриятлари бажарилишини назорат қилишга ҳамда зарурат туғилганида қўшимча чекловларни жорий этишга ваъда берди.
Айтиш жоизки, тижорат ҳаво ташувларини амалга оширувчи авиакомпанияларга қўйиладиган янги сертификацион талаблар 2012 йил декабрида кучга кирган. Мунтазам рейсларни бажариш учун авиаташувчи 55 дан ортиқ ўриндиқли камида саккизта самолётга ёки 55 та йўловчини ташишга мўлжалланган учта самолётга эга бўлиши керак.
Ушбу қоидаларга қарамасдан, “Московия” авиакомпанияси Москвадан Ўзбекистон шаҳарларига парвозларни амалга оширишда давом этган, деб ёзади ИТАР-ТАСС.
Шарҳлар