2021 йилда мактабларни интернетга улаш учун 100 млрд сўм ажратиш режалаштирилди
Мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда. Кейинги йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилади. Бу ҳақда президентнинг келаси йил учун давлат бюджети масалаларига бағишланган йиғилишида маълум бўлди.
Ўтган йил март ойида президент мактаблардаги интернет тезлигини танқид қилиб, Халқ таълими вазирлигига ва Ахборот ва коммуникациялар вазирлигига мактабларни 2021 йилгача юқори тезликдаги интернет билан таъминлашни топширганди.
Пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Ижтимоий нафақалар оладиган кишилар сони 2020 йил бошига қараганда икки бараварга оширилади.
Йиғилишда ҳудудлар қўшимча захираларни излашни ва уларни ишга солишни, уларнинг ҳисобидан ижтимоий муаммоларни ҳал этишни ўрганиши кераклиги қайд этилди.
Шарҳлар