Масъулияти чекланган жамиятлар облигациялар чиқаришига рухсат бериш таклиф этилмоқда
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги корпоратив облигацияларни чиқариш бўйича чекловларни бекор қилиш ва уларнинг масъулияти чекланган жамиятлари томонидан чиқарилишига рухсат бериш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар беради.
«Ҳозир корпоратив облигацияларни фақат акциядорлик жамиятлари ва тижорат банклари чиқариши мумкин. Бунда облигацияларни чиқариш бўйича эмитентга қўйиладиган талаблар ушбу воситани ҳатто кўпгина акциядорлик жамиятлари учун ҳам мафтункор бўлмаган молиялаштириш манбаига айлантирмоқда», – дея қайд этилади хабарда.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди, унда қуйидагилар таклиф этилган:
– масъулияти чекланган жамият (МЧЖ)ларига облигациялар чиқаришга рухсат бериш, бунда уларнинг олдига, акциядорлик жамиятларидан талаб қилингани каби, ташқи аудит, молиявий ҳисобдорлик, ахборотни ошкор этиш ва бошқа талабларни қўйиш;
– корпоратив облигацияларни компаниянинг ўз капитали миқдори доирасида чиқариш нормасини, корпоратив облигациялар эмиссиясини гаров билан таъминлаш бўйича талабни бекор қилиш ҳамда уч йиллик ижобий молиявий ҳисобдорлик ва рейтинг бўйича талабларни юмшатиш;
– корпоратив облигацияларни чиқаришга қўйиладиган шартлар ва талабларни белгилаш бўйича ваколатларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи(Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги)нинг зиммасига юклаш.
Шарҳлар