Кечки Анҳор: 2 декабрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 2 декабрь янгиликлари

Ўзбекистон Миллий банки акциядорлик жамиятига айлантирилди. Ўзбекистон Миллий банкининг профилли бўлмаган алоҳида активлари Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади, қолганлари – сотилади.
 
Қозоғистоннинг Қизилорда областида 74 та йўловчи иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Автобусда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган.  Самара-Чимкент трассасида Neoplan автобуси ва Daf русумли юк машинаси тўқнашиб кетган. ЙТҲнинг дастлабки сабаби – автобус ҳайдовчиси томонидан тезликнинг оширилгани.  Икки нафар Тожикистон фуқароси жароҳатланган.
 
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туман ҳокимлиги тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Зарар 55,8 млн сўмни ташкил қилган. Ҳужжатларда маъмурият биносидаги ҳисоблагич ўчирилган сифатида қайд этилган.

Самарқандда қувурлар ўтказиш пайтида икки кишини тупроқ босиб қолди. «Стапласт» компаниясининг ходими М. Турсунқулов (1997 йилда туғилган) жиддий жароҳат олиб, касалхонага ётқизилди, У. Рустамов (1981 йилда туғилган) воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.
 
Қорақалпоғистонда 50 минг нафар аёл онкологик касалликларга кўрикдан ўтказилади. БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси ва Ўзбекистон ҳукуматининг биргаликдаги дастури узоқ қишлоқ жойларида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга ва инклюзив бизнес-ташаббусларни ишга тушириш, янги иш жойларини яратиш ҳамда базавий ижтимоий хизматлар ва тоза ичимлик сувидан фойдаланишни яхшилашга йўналтирилган. Мазкур Дастур икки йилга мўлжалланган бўлиб, Қорақалпоғистоннинг тўққизта шимолий туманида амалга оширилади, умумий бюджети 3 млн долларни ташкил қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.