Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари контрабанда спиртли ичимликларини сотишда гумон қилинмоқда

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари контрабанда спиртли ичимликларини сотишда гумон қилинмоқда

Ўзбекистондаги Қирғизистон элчихонасининг биринчи котиби яна жанжал марказига тушиб қолди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар беради. Тарқатилган маълумотларга кўра, “қирғиз дипломати Канатбек Шаршенбек Тошкентда контрабанда спиртли ичимликларининг савдосини ташкил этган”.
 
«Тошкент шаҳар Юнусобод тумани жиноят қидирув бўлими ходимлари ҚР элчихонасининг дипломати шаҳардаги савдо нуқталарида қимматбаҳо импорт спиртли ичимликларининг ноқонуний савдосини ташкил этганини фош қилди», – деб ёзади нашр.

Маълум бўлишича, июль ойи ўрталарида милиционерлар контрабанда спиртли ичимликларини етказиб берувчи Аюб Янвни ушлайди. “Қўлга олинган шахс ушбу маҳсулотни Тимур Алимовдан олганлигини тан олади. Алимовни ушлаш чоғида Тошкентдаги Қирғизистон элчихонасининг юқорида тилга олинган ходими спиртли ичимликларнинг ноқонуний савдосини ташкил этгани аниқланди”, – дея қайд этилади нашрда.
 
Айтиш жоизки, бу ҚР дипломати иштирокидаги биринчи жанжалли воқеа эмас. Бундан олдин Ўзбекистон ОАВда худди шу ходим ҳақида жанжалли материал пайдо бўлганди. Мақола муаллифининг таъкидлашича, қирғиз дипломати Канатбек Шаршенбек қирғиз элчихонаси ходимининг фарзандига тиббий ёрдам кўрсатиш учун келган тез тиббий ёрдам ходимларини маст ҳолатда ҳақоратлаган.

Кейинчалик Тошкентдаги Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси ушбу воқеа пайдо бўлганидан кейин махсус комиссия тузади ва у дипломат ҳамда шифокорлар ўртасида жанжал ҳақиқатан ҳам бўлганини тасдиқлайди.  
 
«Дипломат ва тез ёрдам бўлими ходимлари ўртасидаги воқеа ҳақиқатан ҳам бўлган, бироқ ОАВдаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Дипломат миллатчилик характеридаги гап-сўзларга йўл қўймаган», – дейишади ҚР элчихонасида.

Улардаги маълумотларга кўра, “дипломат ўзини тута олмаганини ва тез ёрдам ходимларига нисбатан қўполлик қилганини тан олган ва сал кейинроқ улардан узр сўраган”. Канатбек Шаршенбекка нисбатан эса интизомий чоралар кўрилган.

Ҳозирча қирғиз дипломати иштирокидаги навбатдаги жанжал борасида ҚР ТИВнинг ҳеч қандай изоҳи йўқ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.