Ўзбекистон ва Тожикистон орасида 22 йилдан буён парвозлар йўқ, бироқ муносабатларда муайян илиқлик кузатилмоқда
Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва унинг тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Аслов ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзР ТИВнинг матбуот хизмати хабар беради.
Ўзбекистон ТИВнинг раҳбари 2014 йил 31 июль куни очилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашиш учун Душанбега ташриф буюрди.
“Euronews” ёзишича, Аслов “сиёсий мулоқот ва транспорт, энергетика, маданият, чегаралар бўйича ҳамкорлик ҳамда яхши қўшничилик тамойилларига ва замон талабларига жавоб берувчи бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни фаоллаштириш зарурати”га эътибор қаратган.
Шунингдек долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ўзаро фикр алмашилган. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари кенгаши навбатдаги мажлисининг кун тартиби ҳамда мазкур ташкилот доирасида иккала мамлакатнинг ўзаро алоқалар бўйича асосий йўналишлари муҳокама қилинган.
Қайд этиб ўтамиз, 1992 йилда мамлакатлар ўртасидаги парвозлар тўхтатилган эди, 1999 йилда эса виза режими жорий этилди.
Шунга қарамасдан, сўнгги пайтларда экспертлар ҳамжамияти иккала қўшни мамлакат ўртасидаги муносабатларда муайян илиқликни кузатмоқда.
Айни пайтда Тошкент ва Душанбе орасидаги ўзаро кескин муносабатлар юмшаб, кўпроқ конструктив мулоқотни тиклаш ва ўзаро ён босиладиган жиҳатларни излаш зарурати янграмоқда.
Шарҳлар