Кечки Анҳор: 6 март янгиликлари
Коронавирус. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Бобур Бекмуродов Ўзбекистондан тиббий ниқоблар олиб чиқилишини тақиқлаш таклифи билан чиқди. Шунингдек, Бекмуродов фармацевтика бозорини тартибга солишни, транспорт алоқасини вақтинчалик тўхтатиш учун мамлакатлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва уни кенгайтиришни ҳамда оммавий тадбирлар ўтказилишини чеклашни ҳам таклиф қилди.
«Ўзбекистон почтаси» коронавирус туфайли посилкалар кечикиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти посилкаларни хавфсиз деб ҳисоблайди, аммо шунга қарамасдан, “Ўзбекистон почтаси” Хитойдан келаётган почта жўнатмаларини дезинфекциялаш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.
Ўзбекистон ўқувчилари одатдагидай 21 мартдан таътилга чиқади, дея хабар беради Халқ таълими вазирлиги. Вазирликда коронавирус тарқалиши муносабати билан мактабларда 15 мартдан таътил эълон қилиниши ҳақидаги маълумотни рад этишди.
Ўзбекистон делегациясининг Италияга 20 дан ортиқ ташрифи кейинга қолдирилди. Ушбу ташрифлар Италияда коронавирус тарқалиши муносабати билан кейинга қолдирилган.Бу орада Ўзбекистон ТИВ Эрондаги 50 нафар ўзбек фуқароси ҳақида хабар беради. 6 март ҳолатига уларнинг орасида коронавирусга чалинганлар қайд этилмаган.
Ўзбекистон туроператорлари солиқ таътилларини сўрамоқда. Бу коронавирус тарқалиши муносабати билан кутилаётган зарарлар билан боғлиқ. Турфирмалар коронавирус аниқланмаган мамлакатлар, масалан, Туркия ва Қозоғистонга ҳамда ички йўналишлар бўйича парвозлар сонини оширишни таклиф этмоқда. Қайд этиб ўтамиз, 2019 йил февраль ойи билан солиштирганда Ўзбекистонга ташриф буюраётган хитойлик туристлар сони 75% га қисқарган.
Шарҳлар